English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчи туманидаги маҳалла йўллари обод бўлмоқда
18:36 / 2021-06-08

Андижонда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида танлаб олинган маҳалла ва қишлоқларда автомобиль йўлларини таъмирлаш, қуриш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳар бир ҳудуд қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жойларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб йўллар жорий ва капитал таъмирланиб, янгилари барпо этилмоқда. Мазкур йўналишда Андижон вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда Андижон вилоятида 2463 километр умумфойдаланувдаги, жумладан, 103 километр халқаро, 800 километр давлат, 1 минг 560 километр маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари, шунингдек, туман ва шаҳар йўл бошқармалари тасарруфида 1 минг 40 километр ички, шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида 9 минг 109 километр автомобиль йўллари мавжуд.

Балиқчи тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тумандаги ҳолати оғир бўлган Дўстлик ва Ифтихор маҳаллаларида "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Йўлларнинг таъмирига алоҳида эътибор қаратилиб, таъмирталаб йўллар асфальт ва шебен билан қопланмоқда.

Дўстлик маҳалласидаги мавжуд Мустақиллик, Наврўз, Ғайрат ва Янги ҳаёт кўчаларининг узунлиги 8,6 километрни ташкил этади. Ундан 4,9 километр қисмини асфальтлаш, 3,7 километр қисмига шағал ётқизиш белгиланган.

– Кўчаларимиз ёзда чанг, қишда лойлигидан одамлар юришга қийналар, бу масалада аҳолидан юқори ташкилотларга жуда кўп мурожаатлар бўлар эди, – дейди Балиқчи туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳратбек Усмонов. 

– “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалламиз янада обод бўлмоқда, кўчаларимиз таъмирланиб, шағал ва асфальт ёткизилмоқда. Бундан фуқароларимиз беҳад мамнун бўлаётир.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида тумандаги Ифтихор маҳалласида ҳам узунлиги 8,8 километр бўлган 4 та кўчанинг 6,1 километр қисмини асфальтлаш, 2,7 километр қисмига шағал ётқизиш бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА