Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчи тумани “қизил”дан “сариқ” ҳудуд тоифасига ўтди
12:51 / 2020-12-15

Халқ депутатлари Балиқчи тумани Кенгаши сессияси бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими Жасурбек Абдураимов 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва туманни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича ҳисобот берди.

Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шаҳар ва туманлар “яшил”, “сариқ” ва“қизил” ҳудудларга ажратилган, рейтинг натижаларида 2019 йил якуний кўрсаткичлари билан Балиқчи тумани (умумий 13,98 балл) “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган эди.

Мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш ва туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йил 9 ойи якуни билан тузилган даврий рейтинг кўрсаткичларида умумий 16,57 балл билан туман “сариқ” ҳудуд тоифасига киритилди.

Сессияда қайд этилганидек, аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича жорий йилда тижорат банклари томонидан 849 нафар талабгорга 28,9 миллиард сўм оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик ва паррандачилик, пиллачилик, қуёнчилик йўналишларида имтиёзли кредитлар ажратилган. Натижада 1 минг 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Инвестиция дастурига асосан қиймати 373 миллиард 600 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Унинг ҳисобига 59 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 879 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ушбу даврда 11 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, 10 та корхона томонидан 43,3 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.

Жорий йилда 332 миллиард 869 миллион сўмлик 46 та саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳа амалга оширилиб, 982 та янги иш ўрни ташкил этилди. Натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 840 минг сўмга етказилди.

Мисол учун, "Скортон текстиль" МЧЖ томонидан 20,1 миллион доллар миқдорида хорижий инвестициянинг ўзлаштириши ҳисобига йиллига 10 минг 300 тонна калава ип ишлаб чиқариш, 24 миллион 720 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш қувватига эга янги ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушурилди. Натижада 400 та янги иш ўрни яратилди.  

Тумандаги яна бир хорижий корхона – "Миг фарфор" МЧЖ томонидан чинни буюмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 1 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция киритилиб, йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 7 миллиард сўмга етказилди ва 150 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Пандемия бошланишида тумандаги 982 та корхонанинг 109 таси фаолиятини вақтинча тўхтатиб, шундан 16 таси эса 25 фоиз, 75 таси 50 фоиз қувватда ишлай бошлаганди. Президентимиз томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан бирга “корхонабай” иш олиб борилди ва натижада жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 547,5 миллиард сўмни ташкил этди.

Депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари билан биргаликда шаҳар ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 8 минг 834 нафар аъзолари бўлган 2 минг 381 та оила “Темир дафтар”га киритилди.

Бугунги кунгача “Темир дафтар”даги 2 минг 974 нафар ишга мухтож фуқаронинг 2 минг 926 нафари ёки 98,4 фоизи турли соҳаларга ишга жойлаштирилди, 58 нафарига 800 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар, 466 нафарига субсидия асосида исиқхоналар қуриб берилди. Натижада бугунгача 1 минг 770 та оила турмуш шароити яхшиланиб, ушбу рўйхатдан чиқарилган бўлса, 238 та оила янгидан “Темир дафтар”га киритилди. 1 декабрь ҳолатига ушбу рўйхатда 613 та оила қолаяпти.

Жорий йил 2019 йилга нисбатан ҳар гектардан олинган ҳосилдорликни 3 центнерга ошириш ҳисобига 3 минг 300 тонна кўп пахта хомашёси етиштирилди. Бунинг эвазига 27 миллиард сўм қўшимча даромад олинди.

Сессияда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, тадбиркорлик сохасида 426 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилган бўлсада, фаолият кўрсатмаётган 310 та корхонадан 191 тасининг фаолияти тикланган.

Инвестиция дастури доирасида белгиланган 6 та лойиҳа пандемия сабабли четдан келтириладиган дастгоҳлар муддатида етиб келмаганлиги сабабли ишга туширилмади. Бундан ташқари, давлат хусусий шерикчилик асосида ёки хусусий мактабларни очилишига етарли эътибор қаратилмади. Ҳозирда туманда бирорта ҳам хусусий мактаб йўқ.  

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг 15 таси ўзининг биносига эга эмас. Туманнинг 30 та маҳалла фуқаролар йиғинига 1 минг 816 дона темир-бетон таянчлари олиб келиб ўрнатилиши белгиланган эди. Бироқ бугунги кун ҳолатига 339 дона, белгиланган режага нисбатан 19 фоиз темир-бетон таянчлар етказиб берилди.  

Туманда 564 гектар боғдорчилик ер майдони мавжуд бўлсада, бир гектар ҳам тўлиқ замонавий интенсив боғлар ташкил этилмаган. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сессияда депутатлар электр ва газ таъминотини яхшилаш, мактабларни рақамлаштириш, интернет тармоғига улаш юзасидан саволларига жавоб олди.

[gallery-442]

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА