Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
15:29 / 2025-09-12

Индонезиянинг машҳур сайёҳлик ороли Балида пайшанба куни камида 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган кучли сув тошқини туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Тўфон ёмғири минтақанинг етти ҳудуди, жумладан музофот пойтахти Денпасарда тошқин келтириб чиқарди. Бир неча дарё қирғоқдан тошиб, оролнинг айрим қисмларини ёриб ўтди.

Айни пайт ёмғир тўхтаб, аксарият жойларда сув сатҳи пасайган бўлса-да, Бали ҳукумати бир ҳафталик фавқулодда ҳолат эълон қилди, юзлаб қутқарувчи жабрланган майдонларни қуритиш, омон қолганларни қидиришда давом этмоқда.

– Қўшма гуруҳ фавқулодда амалиётга киришган, – дейди Табиий офатлар оқибатини юмшатиш миллий агентлиги вакили Абдул Муҳарий. – Тирик қолганлар қидириляпти, тошқин ва кўчки билан курашиляпти.

Жамоа камида уч киши бедарак йўқолгани, Денпасар ва Жембрана туманларида 500 дан кўп одам муваққат бошпанада қолаётганини маълум қилди.

Кучли тошқин тунда асосий йўллар, жумладан орол халқаро аэропортига киришни тўсиб қўйди. Сув асосан Денпасарда тўпланган, жами 27 ҳудудда кўчки кузатилган.

Агентлик раҳбари Сухарьянто билдиришича, бозордаги камида 474 катта-кичик дўконга зарар етган, юзлаб уй ва бинони сув босган.

– Тошқин кучли ёғингарчилик оқибатида кўтарилган Россби-Кельвин тўлқини номли табиий ҳодиса сабаб кучайди, – деди у матбуот анжуманида. – Расмийлар тезда тикланиш босқичига ўтишни режалаштирган. Фавқулодда ҳолат марказий ҳукуматдан табиий офат оқибатини тезкор бартараф этишни талаб қилмоқда. Бунинг учун минтақавий ҳукуматга ёрдам бериш зарур.

М.Пирматова, ЎзА