11 декабрь — Халқаро тоғлар куни
Она табиатнинг ҳар бир қисми сайёрамизнинг яхлитлигини, барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Жумладан, баланд ва пурвиқор тоғлар табиатнинг бетакрор мўъжизаси сифатида ҳар бир инсоннинг ҳайратию ҳавасига сабаб бўлади. Тоғлар гўзал сайёҳлик манзили бўлиш баробарида инсоният ҳаёти ва келажагида ҳам ажралмас ўрин тутади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева қуйидагиларни қайд этди:
— 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган халқаро конференцияда Халқаро тоғлар кунини жорий этиш ташаббуси илгари сурилган. 2002 йил “Тоғлар йили” деб эълон қилинди ва БМТ Бош Ассамблеясининг 57-сессиясида қабул қилинган резолюцияга биноан 11 декабрь расман Халқаро тоғлар куни сифатида эътироф этилди.
Бу сана жаҳон ҳамжамияти эътиборини тоғлардаги табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда тоғли ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш даражасини ошириш масалаларига қаратиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Маълумотларга кўра, сайёрамиздаги қуруқлик майдонининг қарийб 27 фоизини тоғлар ташкил этади. Дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизи айнан шу ҳудудларда яшайди. Шунга қарамай, бугунги кунда тоғли минтақалардаги ҳар учинчи киши озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келмоқда.

Тоғлар инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутган. Илк даврларда одамлар тоғ ғорларида паноҳ топиб, турли хавф-хатарлардан муҳофазаланган. Шу билан бирга, тоғлар ердаги энг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари учун табиий қўриқхона, деярли барча йирик дарёлар учун эса асосий сув манбаи ҳисобланади. Тоғли ландшафтлар кўплаб халқларнинг маданияти, урф-одатлари ва турмуш тарзида муҳим ўрин эгаллайди.
Бугун иқлим ўзгариши тоғлар экотизимига энг катта хавф солувчи омиллардан бирига айланиб бормоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши музликларнинг тез эришига сабаб бўлиб, сел, кўчки ва тошқинлар хавфини оширмоқда. Шунингдек, ер қопламининг бузилиши, чексиз дарахт кесиш, қазилма бойликларни назоратсиз ўзлаштириш, барқарор бўлмаган деҳқончилик амалиёти каби омиллар ердан норационал фойдаланишга олиб келмоқда. Бу эса табиий офатлар хавфини кучайтиради, биохилма-хилликни тез йўқотади ва тоғ жамоаларининг ҳаётини янада мўрт ҳамда беқарор ҳолга келтиради.
Сув, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги тоғлардан бошланади. Дунё аҳолисининг қарийб ярми ҳаёти тўғридан-тўғри тоғ экотизимларига боғлиқ. Сабаби дунёдаги чучук сув захираларининг катта қисми тоғларда жойлашган, кўплаб йирик дарёлар ўз манбаини музликлардан олади. Тоғли ўсимлик дунёси глобал экологик мувозанатни таъминлаб туради. Кўплаб давлатлар энергия таъминотида гидроэнергетикага таянади.
Илмий тадқиқотлар тоғларнинг бир қатор муҳим вазифаларни бажаришини кўрсатмоқда. Жумладан, тоғлар тектоник плиталарни «қозиқ» каби ушлаб, ер қимирлашларининг кучини маълум даражада камайтиради ва барқарорликка ҳисса қўшади. Тоғлардаги қор ва муз дунёдаги энг йирик чучук сув захираларидан бирини ташкил қилади, миллионлаб инсонлар айнан шу сув манбаларидан фойдаланади. Тоғ иқлими ва ландшафти ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаш ва табиий тикланиш жараёни учун асосий омил ҳисобланади. Шунингдек, юз миллионлаб йиллар давомида содир бўлган тектоник силжишлар натижасида водийлар, даралар ва табиий ўтиш йўллари шаклланган, ранг-баранг қиялар, баланд чўққилар ва бетакрор манзаралар тоғларни табиатнинг бебаҳо безагига айлантиради.
Тоғлар шунчаки табиий гўзаллик эмас, балки барқарор келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори. Шундай экан, тоғларни асраш ва улардан оқилона фойдаланиш — бутун инсониятнинг барқарор келажагини таъминлаш билан баробар. Шунинг учун ҳам тоғли ҳудудларда барқарор туризмни ривожлантириш, маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва табиатни муҳофаза қилиш сиёсати ўта муҳим.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА