Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахти кулган фермерман
11:14 / 2015-08-13

Ҳар тонг тинч ва осойишта ҳаёт, тўкис ва фаровон турмуш учун шукроналар айтаман. Тонг ёриши билан қадрдон далам томон ошиқаман. Меҳнатимиз қадр топаётган, манфаатларимиз устуворлиги таъминланаётган шундай саодатли замонда қўл қовуштириб ўтириш ярашмайди-да.

Ҳар тонг тинч ва осойишта ҳаёт, тўкис ва фаровон турмуш учун шукроналар айтаман. Тонг ёриши билан қадрдон далам томон ошиқаман. Меҳнатимиз қадр топаётган, манфаатларимиз устуворлиги таъминланаётган шундай саодатли замонда қўл қовуштириб ўтириш ярашмайди-да.

Мустақиллик йилларида биз илгари тасаввур ҳам қилолмаган, бугун кўпчиликнинг ҳавасини келтираётган юксак марраларга эришмоқдамиз. Шубҳасиз, бунинг замирида Мустақиллик деб аталган бебаҳо неъмат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам.

Истиқлол туфайли халқимиз ҳаётида қандай улуғвор ўзгаришлар рўй берганини менинг фаолиятим мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мустабид тузум даврида саҳардан то шомгача, ердан қор кетгандан яна қор тушгунча далада ишласак-да, уйимизда ошиқча бир ҳовуч буғдойимиз бўлмасди. Теримчи бўлдим, бригадирлик қилдим. Эртаю кеч тиним билмай ишласак-да, меҳнатимиз роҳатини кўрмадик.

Истиқлол келди-ю, эгилган қаддимиз тик бўлди. Президентимиз юртимиздан қоронғиликни ҳайдади, ёруғликнинг йўлини очди. Яратганга шукр, шундан буён барча орзу-ниятларимиз ушалиб бормоқда. Ўтган асрда елкаси яғир деҳқон эдим. Бугун бахти кулган фермерман.

Юртбошимиз айтганидек, бугунги дориломон кунларга, бундай юксак марраларга эришиш осон бўлгани йўқ. Ўзим гувоҳман, собиқ тузум даврида Бувайда туманида ҳам ерга меҳр бериб, пешона тери тўккан қанча деҳқонлар рўшнолик кўрмай, меҳнатининг мевасидан баҳраманд бўлолмай ўтиб кетди. Ернинг ҳам, маҳсулотнинг ҳам эгаси давлат, уни етиштирган деҳқоннинг орттиргани қора меҳнат эди, холос...

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли фермерлик ҳаракати йўлга қўйилди. Ишлайман, эл-юртга наф келтираман, деган одамга барча имконият ва шароит яратилди. Давлатимиз раҳбари фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турибди. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, мен ҳам 2005 йили “Патилахон” фермер хўжалигини ташкил этдим.

Аввалига бироз қийин бўлди. Собиқ тузум даврида юқоридан белгиланган режа ортидан қувиш оқибатида ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашиб, тупроқ унумдорлиги кескин пасайиб кетган эди. Шунинг учун ишни шундан – ерни соғломлаштиришдан бошладик. Бу бугун ўз самарасини бермоқда.

Ер – хазина. Хўжалигимизнинг 70 гектар экин майдони бор. Кейинги уч йилда дон етиштириш шартномасини 150 фоизга бажардик. Ҳосилдорликни 40 центнердан 70 центнерга етказдик. Пахта ҳосилдорлиги гектаридан 40 центнерни ташкил этмоқда.

Қишлоқ хўжалигида фойда бермайдиган тармоқнинг ўзи йўқ. Ердан оқилона фойдаланган деҳқон ҳеч қачон кам бўлмайди. Давлатимиз томонидан фермерларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришга барча имкониятлар яратиб берилаётгани ютуқларимизнинг асосий омили бўлмоқда. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ернинг унумдорлигини оширишга, хўжалигимиз иқтисодини, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Кейинги йилларда хўжалигимиз даромади ҳисобидан 3 километр узунликда зовур қазидик. Суғориш тармоқларини таъмирдан чиқардик. Ернинг унумдорлиги яхшиланиб, ҳосилдорликнинг ошиши ўз навбатида хўжалик иқтисодининг юксалишига, ишчиларимизнинг моддий фаровонлиги ошишига олиб келмоқда.

Энг муҳими, оддий деҳқон сифатида элда обрў-эътибор қозондим. Камтарона хизматларим давлатимиз томонидан тақдирланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлдим. Айтинг, бир деҳқон учун, оддий ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт борми?

Бугун эмин-эркин, яйраб, байрамлар, тўю тантаналар қилмоқдамиз. Шукр қувончли кунларимиз кўп. Бу шодиёналар бутун мамлакатники, бутун халқимизники бўлса-чи, унинг сурури, қувончи янада ортади.

Президентимиз қарори билан Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик қутлуғ тўйи “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилиши айни шу мақсадга – одамлар қалбида мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган оламшумул ютуқлардан ғурурланиш, бугунги кундан қониқиш, эртанги кунга қатъий ишонч туйғуларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Патилахон Эргашева,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона вилояти
Бувайда туманидаги
“Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари.