Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бахт манзилидаги бахтиёр одамлар
15:32 / 2019-08-31

Кейинги уч йилда мамлакатимиз катта қурилиш майдонига айланди. Катта кўприклар, ер усти метро линиялари, турли кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлмоқда.

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Кейинги уч йилда мамлакатимиз катта қурилиш майдонига айланди. Катта кўприклар, ер усти метро линиялари, турли кўнгилочар масканлар барпо этилмоқда, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлмоқда. Бу жараёнда аҳоли учун янги турар жойлар қурилаётгани алоҳида аҳамиятга эгадир.

Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди” деган нақл бор. Бу – рўзғор бутлиги, кўнгил хотиржамлиги ва фарзандлар камоли учун шахсий турар жойнинг ўрни жуда муҳим эканига ишорадир. Мамлакатимиз аҳолиси йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ҳар 15-20 йилда алоҳида уй-жой талаб қиладиган янги авлод дунёга келаяпти. Шу сабабли арзон нархда турар жой биноларини кенг кўламда ва жадал суръатлар билан қуришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омилдир. Бинобарин, бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда янги турар жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур йўналишдаги ўзгаришлар инсонларнинг ҳаётдан розилиги ҳамда эртанги кунига ишончини мустаҳкамлашга сезиларли таъсир кўрсатаяпти.

...Сергели туманидаги қўп қаватли уйларнинг бирида яшайман. Бугун эрта тонгдан тўртинчи қават балконидан ташқарига разм солдим. Янги бунёд этилган сон-саноқсиз кўп қаватли уйларни кўриб ҳайратингиз ошади. Чунки, бундан 2-3 йил илгари бу ерлар текис дала, ҳеч нарса экилмаган, кўримсиз, устига-устак чекка ҳудуд бўлгани учунми ободонлаштиришга ҳам эътибор берилмасди.

Қисқа фурсат ичида Президентимиз ташаббуси билан бу ҳудуд файзли турар жой мажмуасига айланди. Кўркам кўп қаватли уйлар, равон йўллар, замонавий маҳалла биноси, новвойхона, турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўриб, кўзингиз қувнайди. Атрофлар обод. Айни дамда хонадонларнинг янги эгалари кўчиб келмоқда. Ҳар куни уй тўйи.

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун замонавий шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилаётган уй-жойлар ҳам ана шу ишларнинг амалий самарасидир.

Янги хонадон эгалари билан дилдан суҳбатлашиш учун Сергели туманидаги 16-мавзе томон йўл олдик. “Ёрқин ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли мазкур янги уйларга яқинлашганингиз сайин ҳавасингиз ортади. Пишиқ ғиштдан қурилган уйлар ёзда салқин, қишда иссиқни таъминлаши шубҳасиз. 4-уй олдида замонавий болалар майдончаси болажонлар билан гавжум. Уй йўлаклари атрофида шинам ўриндиқлар ўрнатилган.

Невараларини болалар майдончасида ўйнатиб юрган Расул ака Пардаевни суҳбатга тортдик.

– Тўрт-беш йил илгари пойтахтимизга келган одам, ҳозир ташриф буюрса, шаҳарни танимайди. Бунёдкорлик ишлари шу даражада авж олдики, 2-3 йил ичида ҳам шунча қурилиш қилса бўлар экан-да, деб ҳайрон қоласиз, – дейди Расул ака. – Айниқса, бир-биридан кўркам турар жой мажмуаларини кўриб, кишининг ҳаваси ортади. Маълум сабаблар бўлиб, бир неча йил олдин катта уйимизни сотишга тўғри келди. Оиламиз билан Учтепа туманидаги бир хонали уйда сиқилиб яшар эдик. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сергелида арзон кўп қаватли уйлар қурила бошланди. Янги уйлар ипотека кредити асосида берилаётгани айни муддао бўлди. Биз ҳам шу уйлардан бирига кўчиб ўтдик. Турмуш ўртоғим, ўғлим, келиним билан яшаймиз. Қўшнилар билан ҳам аҳил-иноқмиз. Ахир, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнингизда бўладиган қўшнилар-да. Ҳар бир хонадон замонавий иситиш тизими, совуқ ва иссиқ сув, электр энергияси ва табиий газ билан тўлиқ таъминланган. Болалар ҳеч қандай хавотирсиз ўйнаб юришади.

Расул ака бизни уйига таклиф қилди. Бироз суҳбатлашиб ўтирдик, сўнг яхши шифокор қўшним бор, дея Азим Алиевнинг оиласи кўчиб ўтган учинчи қаватга бошлади. Бизни Азим аканинг турмуш ўртоғи Фароғат Мардиева кутиб олди. Уч хонали уйнинг кенг ва оилалар яшаши учун қулайлигига ҳавасимиз келди.

– 10 йил давомида ижарама-ижара юриб, турли сарсонгарчиликларни бошдан кечирдик, – деди Ф.Мардиева. – Ўқитувчи бўлиб ишлайман. 3 нафар фарзандимиз бор. Фарзандларим мактабларини ўзгартиравериб, қийналишарди. Бир мактабга энди мослашиб улгурмасдан бошқа мактабга ўтарди. Бу, табиийки, фанларни ўзлаштиришга салбий таъсир кўрсатади. Ўз уйингиз бўлмагандан кейин ҳеч бир жиҳозни сўроқсиз ишлатолмайсиз. Хуллас, эркин яшай олмайсиз. Янги уй сотиб оламан, десангиз фалон пул. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги уйлар қурилиб, ипотека кредити асосида уйга муҳтож оилаларга берилиши халқимиз орзуидаги иш бўлди. Ушбу хайрли ишлар бошланиши билан Учтепа тумани ҳокимиятига ариза топширдик. Шу йилнинг март ойида замонавий уйга кўчиб ўтдик. Хоналари кенг ва шинам. Ҳамма шароит бор. Яна бир жиҳати шуки, зиналар оралиғи кенг. Мисол учун мебель олиб кирмоқчи бўлсангиз, қийналмайсиз. Бу уйга кўчиб ўтгач энг кўп хурсанд бўлган фарзандларимиз бўлди. Чунки, ижара уйларда болалар ортиқча шўхлик қилолмасди. Берилиб ўйнаб-кулолмасди. Кўчиб келгач, улар бу ерда ўйнасак ҳеч ким урушиб бермайдими, дея савол берди. Кўзимга ёш келди...

Суҳбатни якунлаб, кетишга чоғландик. Пастга тушсак, биринчи қаватга яқинда кўчиб келган Нозимжон Бердиқуловнинг хонадонида уй тўйи бўлаётган экан. Қувончлари ичига сиғмаган болалар ўзлари учун мўлжалланган хонада яйраб ўйнамоқда. Бири-биридан шинам, файзли хоналарни тўлдириб ўтирган қавм-қариндошлар, ёру дўстлар тилакларидан янада обод бўлган янги уйда тўйлар бўлишини тилаб, дуо қилди.

Ҳа, бундан 3 йил олдин яйдоқ дала бўлган ҳудуд бугун кўп қаватли уйлар чироқларидан чароғон, элим, юртим, деб яшагувчи, интилувчан, юртдошларимиз ҳамда уларнинг жажжи фарзандлари кулгусидан файз кириб, обод ва фаровон гўшага айланган.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон ўз уйига эга бўлса, кўнглида хотиржамлик, ишида унум ва барака бўлади. Бугун ана шундай бахтга мушарраф бўлаётган юртдошларимиз сафи кундан-кун кенгайиб бораётгани, янги уйлар қувончидан масрур инсонларнинг самимий суҳбатларидаги шукроналик бир ҳақиқатдан далолат беради: Буюк ва муқаддас Ватанимизда инсон қадри барча нарсадан устун. Аслида ҳам ҳар бир инсоннинг орзулари ушалиши, ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида хизмат қилишдан улуғроқ мақсад борми!