Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2021-2022 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда талабалар, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда университет ректори, профессор А.Реймов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий таълим соҳасини ривожлантириш, ёшларнинг ҳар томонлома чуқур билим олишлари учун яратилаётган шарт-шароитларга тўхталди ва битирувчиларни муборакбод этди.
Олий таълим соҳасини янада ислоҳ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгиланган. Жумладан, келгусида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари камида 25 фоизга оширилади. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Тадбир якунида битирувчиларга дипломлар, шунингдек, давлат стипендиялари соҳибларига, фан олимпиадаси ғолибларига, кўрик-танловларда совринли ўринларни эгаллаган ёшларга ташаккурнома ҳамда фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Концерт дастури намойиш этилди.
Маълумотларга кўра, университетни жорий ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 2942 нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича 429 нафар ёш тамомлади.
[gallery-8084]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА