Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳсли ҳудудларда референдум ўтказиш таклифи...
11:30 / 2023-06-08

Россия-Украина

АҚШ собиқ вице-президенти, 2024 йилда ўтадиган президентлик сайловига номзод Майк Пенс “CNN” телеканали орқали Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.

 “Назаримда, Президент Байден бу масалада сусткашлик қиляпти, ҳануз январь ойида ваъда қилинган “Abrams” танклари Киевга етказиб берилмади”, деди у.

МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси кейинги ҳафта Запорожье АЭСда хавфсизлик тамойилига риоя қилиш бўйича вазият билан танишади. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу иншоот реакторларини совутиш учун зарур сув Каховка сув омборидан олинмоқда, дейилади, шунингдек, хабарда.

Буюк Британия ҳукумати МАГАТЭга қўшимча равишда 750 минг доллар ажратди, дейилади Қироллик ТИВ баёнотида. Бу маблағ ядро хавфсизлиги масаласи бўйича ёрдам тариқасида йўлланади.

Қўшма Штатлар Каховка ГЭСдаги қўпорувчилик тўғрисидаги ахборотни ўрганишда давом этмоқда, деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.

– Украиналик ҳамкорлар билан алоқадамиз, – деган у. – Назаримизда, жиддий талофат, зарар кўрилган. Биз Украина халқига ёрдам берамиз, албатта.

Украина Президенти Владимир Зеленский туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан Каховка ГЭС сув омбори қўпорилишидан кейинги вазиятни муҳокама қилган. У суҳбатдошига Киев назоратидаги ҳудуд талофати оқибатини тугатиш учун Украина томонига зарур ашёлар рўйхатини берган. Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилганидек, томонлар дон шартномаси бажарилиши ҳолатини ҳам кўриб чиқишган.

Украина етакчиси Франция Президенти Эммануэль Макрон билан суҳбатлашди. Улар Киев билан боғлиқ масала бўйича Вильнюсда ўтадиган НАТО саммитидан кутилаётган натижа тўғрисида фикр алмашган. Зеленский Каховка ГЭС атрофидаги мавзуга нисбатан қарашини ҳам айтиб берган.

“Инқироз сабабини аниқлаш учун халқаро механизмлардан фойдаланиш зарурлиги ҳақида гапирдим”, деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Киев Жаҳон банкидан соғлиқни сақлаш соҳаси учун қўшимча 10 миллион доллар грант олади. Бу ҳақда Украина ҳукумати ва банкнинг Шарқий Европа минтақавий ваколатхонаси ўртасида имзоланган ҳужжатда келтирилади.

Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш таклифини ошкор қилгандан кейин Жакартада ушбу давлат элчиси Василий Гамянин билан учрашган. Бу ҳақда “The Jakarta Post” газетаси хабар берди. Субианто 3 июнь куни тақдим қилган тинчлик режасига кўра, жанговар ҳаракатни тўхтатиш, 15 километрда демилитаризация ҳудуди ташкил этиш ва жойларда БМТ тинчликпарвар кучларини жойлаштириш таклифини берган. Бундан ташқари баҳсли ҳудудларда БМТ шафелиги остида референдум ўтказиш зарурлиги ҳам айтилган.

Каховка ГЭС атрофида юзага келган вазият Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужум ўтказиш режасига таъсир қилмайди, деди “Bloomberg” агентлигига давлат етакчиси девони раҳбари ўринбосари Игорь Жовков.

Аброр ХОН,

ЎзА