Бугунги кунда юртимизда энергия тежамкорлиги мавзуси долзарб бўлиб келмоқда. Айниқса, ўтган йилги аномал совуқ анъанавий энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбалари ҳар қачонгидан ҳам қадрли эканини эслатиб қўйди.
Хўш, ушбу соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш бўйича олимлар қандай тадқиқот ишларини олиб бормоқда? Тадқиқот ишлари ҳаётга қай даражада татбиқ этиляпти? Бу борада янги лойиҳалар борми?
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, техника фанлари номзоди, профессор Баҳромжон Расахўжаев билан суҳбат давомида шу каби саволларга жавоб олдик.
— Энергия тежамкорлиги аслида нима?
— Энергия тежамкорлиги бу – бор энергиядан самарали фойдаланиш. Яъни, озроқ энергия сарфлаб, кўпроқ самара олиш тушунилади.
—Бугунги кунда юртимизда энергия тежамкорликка эришиш бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?
—Ҳозирги кунда бир нечта электр станцияларида 110 та подстанция, 45 минг километр сифатли электр линияларини қуриш якунланди.
Республикамизда 4300 МВт электр энергиясини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариш режалаштирилган. Улардан 2100 МВт қувват йирик қуёш ва шамол электр станцияларидан олинади. 1200 МВт ижтимоий соҳа, иншоот ҳамда бинолар, 550 МВт электр энергия эса тадбиркорлар томонидан ўрнатилиши режалаштирилган.
Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида қуёш, шамол электр станциялари ўрнатилиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўзида 8 та йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ўрнатиш ва ишга тушириш режалаштирилган.
—Мазкур йирик электр станциялардан қанчаси бугунги кунда фаолиятини бошлади?
—Мисол учун, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сирдарё вилоятларида жами 50 МВт дан бошлаб 500 МВт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. Йил якунигача ушбу станциялар фойдаланишга топширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий вилоятида шамол электр станциялари қуриляпти. Уларнинг жами ишлаб чиқариш қуввати 500 МВт гача режалаштирилган.
— Ушбу станциялар ишга туширилса, республикамизда электр энергияси муаммоси бўлмайди, деб айта оласизми?
— Ушбу электр станциялари жуда катта қувватга эга. Лекин ўзингизга маълум, аҳоли йилдан-йилга ўсиб боряпти. Натижада ишлаб чиқариш корхоналари ҳам кўпайяпти. Бу электр станциялари энергияни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга қаратилган.
Бу йил қишга астойдил тайёргарлик кўриляпти. Жорий йилнинг ўзида 5 миллиард куб метрга яқин газ захиралари тўпланди.
— Институтдаги фаолиятингиз ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтинг?
— Бизнинг лаборатория Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти режаларига асосланган ҳолда илмий тадқиқот ишларини олиб боради.
Лаборатория шамол, сув, биомасса энергияси ва табиий иссиқлик манбалари йўналишларида фаолият юритади. Институт ҳозирги кунда 4 та халқаро лойиҳа устида иш олиб боряпти. Улардан бири Ўзбекистон-Япония лойиҳаси. Лойиҳада Ўзбекистоннинг иқлим шароитини ўрганиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳудудларга боғланган ҳолда қўллаш назарда тутилган.
Иккинчи лойиҳага ўзим раҳбарлик қиляпман. Бу Ўзбекистон-Хитой лойиҳаси бўлиб, мақсадимиз қурғоқчил ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқхоналарни узлуксиз энергия билан таъминлашдан иборат.
Ушбу лойиҳани 2023 ҳамда 2024 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Хитойлик ҳамкорларимиз юртимизга келиб, лойиҳа билан батафсил танишди. Биз ҳам шу лойиҳани тезлатиш мақсадида Хитойга бориб келдик. Улар билан республикамизда иккита намунавий иссиқхона қуришга келишдик. Иккала иссиқхонани ҳам юртимизда қуриш ишлари бошланди. Ҳозирги кунда биттаси қуриб битирилди.
Нафақат Хитой, балки Озарбайжон билан ҳам мажмуавий комплекс қурилмалар асосида ишлар олиб бормоқдамиз. Беларуслик олимлар билан ҳамкорликда яна бир лойиҳага қўл урдик. Уларда ЮНЕСКО кафедраси бор. Республикамизда геотермал энергия, яъни иссиқ қум, иссиқ тош, иссиқ сувдан фойдаланиш имконияти бор. Геология институти олимлари билан маслаҳатлашиб, мана шундай геотермал манбалар жойлашган жойларни ўрганиб, қайта тикланувчи электр энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тадқиқот ишларини олиб боряпмиз.
— Иссиқ қум, иссиқ тош, иссиқ сувдан қандай қилиб иссиқлик энергиясини олиш мумкин?
—Юртимизда шифобахш жойлар жуда кўп. Айниқса, Навоий вилоятининг Томди туманида иссиқ қум бор экан. Йил бўйи қумларнинг иссиқлик ҳарорати 30 градусдан пастламайди. Бу ҳам табиатнинг инъоми. Билишимча юртимизда шифобахш ҳудудлар анчагина. Фақат шундай жойларни топиб, шифобахшлигини кўрсатиб беришимиз керак. Агар мақсадимизга эришсак, шундай ҳудудларда ҳам одамлар даволанишлари, ҳам туризмни ривожлантириш, энг асосийси улардан иссиқлик энергиясини олиш мумкин. Ўша табиий иссиқ ерларда иссиқхоналарни қуриб яхшигина фойдаланса бўлади.
Озарбайжонлик ҳамкорлар билан янги лойиҳани бошламоқчимиз. Озарбайжонда нефть маҳсулотлари жуда кўп. Уларда нефть излаш тажрибаси юқори. Биз ўзимизнинг илмий салоҳиятимиз билан уларни илмий тажрибаларидан фойдаланиб, лойиҳалар олиб борсак, оз бўлса ҳам шифобахш саналган ресурсларимиздан самарали фойдаланишни бошлардик.
– Энергетика соҳасидаги муаммоларни ечиш учун қандай таклифлар берасиз?
– Биринчиси, кўпроқ илмий тадқиқот ишлари натижаларини татбиқ қилишга эътибор қаратилса яхши бўлар эди. Иккинчидан, инновацион қурилмалардан фойдаланишда қисқа малака ошириш курсларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1a38DG40WbU?si=-I_M8dfv5d8MCntN" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Искандар Исматов (видео)
ЎзА