“Баҳрайн-2025”: Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 10 тага етди
Баҳрайнда давом этаётган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 4 та медаль жамғарди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, енгил атлетиканинг 1500 метр масофага югуриш баҳсларида Назмина Раҳимжонова олтин медалга, Муҳаммадазиз Носиров босқон улоқтиришда, Шаҳзодбек Холмуродов эса уч ҳатлаб сакрашда кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, 100 метрга тўсиқлар оша югуришда Шодиёна Раҳмонова бронза медаль билан тақдирланди.


Шу тариқа Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 6 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалига етди. Делегациямиз медаль жамғаришда умумжамоа ҳисобида учинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА