Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Баҳор"нинг бетакрор маликаси
17:26 / 2023-05-13

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси "Ижод" ўқув залида Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан “Баҳорнинг бетакрор маликаси” номли китоб-расмли кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева раққоса, балетмейстер, ўзбек оммавий саҳна рақсининг асосчиси сифатида наинки юртимиз, балки халқаро миқёсида ҳам ном қозонган санъаткор эди.

Маълумотларга кўра, устоз санъаткор якка рақсларнинг моҳир ижрочиси, оммавий ўзбек рақсларининг ижодкори сифатида танилган эди.  

Мукаррама Турғунбоева уйғур, тожик, ҳинд, афғон, мўғул, корейс халқлари рақслари асосида ўзига хос саҳнавий рақслар саҳналаштирган эди.

У рақс санъатида эришган ютуқларини Хитой, Корея, Албания, Италия, Австрия, Афғонистон, Ҳиндистон, Камбоджа, Таиланд мамлакатларида намойиш этган. Айниқса, Мукаррама Турғунбоева тайёрлаган дастур, бир қатор моҳир раққосалар ижросидаги «Пилла», «Гулсара»,  «Баҳор» рақслари, шунингдек, Мукаррама Турғунбоева ижросидаги «Танавор», «Андижон полкаси» чет эл томошабинларида чуқур таассурот қолдирган.

1955 йилда устоз санъаткор ўзи педагоглик қилган Тошкент хореография билим юрти қизларидан 12 нафарини ажратиб олиб, раққоса қизлар гуруҳини ташкил қилади. 1957 йилда шу гуруҳ асосида «Баҳор» ансамблини тузади. Мукаррама опа Алишер  Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида балетмейстер бўлиб ишлаши билан бирга «Баҳор» ансамблида бадиий раҳбар, бош балетмейстер вазифаларида фаолият кўрсатган эди.

Санъаткорнинг айниқса, «Баҳор» ансамблининг шаклланишида хизматлари беқиёсдир. Ансамбль учун 15 та концерт дастурини тузди.  «Баҳор», «Уфори санам», «Қўғирчоқ», «Фарғона рубойиси»,  «Муножот», «Ўзбек вальси», «Гулноз», «Айланма», «Бешқарсак», «Ғайратли қиз», «Етти гўзал», «Тошкент пиёласи», «Шабадалар»,  «Алёр», «Баёт», «Занг», «Шўх қиз», «Хоразмча», «Пахта», «Катта ўйин», «Учрашув», «Лазги», «Дилдор», «Дилбар» каби умумий, яккахон ва дуэт рақслар яратди.  

1957 йилда ансамбль Жаҳон ёшлари ва талабалари фестивалининг олтин медалини олишга муваффақ бўлди.  

1960 йилда «Баҳор»га Давлат ансамбли мақоми берилиши муносабати билан Мукаррама Турғунбоева ансамблни иқтидорли ёш раққосаларнинг маҳоратини ошириш, янги рақс ва рақс дастурларини яратиш, бадиий савияни ҳамиша баланд сақлаш, гастроль сафарларини юқори даражада ўтказиш, шу мақсадда ўзбек рақс меросини ўрганиш, жаҳон халқлари рақсларини саҳналаштириш масалалари билан умрининг охиригача шуғулланиб келди.  

Мукаррама опа Германия, Швеция, Венгрия,  Польша, Миср каби мамлакатларда гастролда бўлган. 1947 йилдан Тошкент миллий рақс ва хореография билим юртида педагоглик қилган эди.  

Мустақиллик йилларида Мукаррама Турғунбоеванинг меҳнатлари юксак қадрланиб, «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Ушбу кўргазмада Мукаррама Турғунбоева ҳақидаги китоблар, мақолалар, опанинг ижоди, фаолиятига оид фотосуратлар билан танишиш мумкин.

 

Н.Усмонова,

ЎзА