Сурхондарё вилоятининг Термиз ва Бойсун туманларида ташкил этилган Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллудининг 75 йиллик юбилейи доирасида Термиз давлат университетида “Баҳорни қувиб” фильмининг премьераси ўтказилди.
Профессор-ўқитувчилар, киносанъати усталари ва талабалар иштирок этган фильм намойишида Эркин Аъзамнинг “Баҳорни қувиб” киноқиссаси асосида яратилган асарга юксак баҳо берилди. Халқаро кинофестиваль ва танловларда совриндор бўлаётгани алоҳида қайд этилди.


Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмаси асосида кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган фильм қисқа вақтда қатор халқаро кинофестиваль ва танловларда иштирок этиб, турли номинацияларда совриндор бўлди. Жумладан, шу йилнинг 6-10 август кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилган II Халқаро “Aнтарес” кинофестивалида “Энг яxши фильм” (Гран-при), “Энг яxши сценарий” ва “Энг яxши иккинчи пландаги рoль учун диплом” (Анвар Картаев) номинацияларида ғолиб деб топилди. 22-24 август кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган VI “Lendoc Film Festival” (LEFF) халқаро кинофестивали танловида “Баҳорни қувиб” картинаси “Энг яхши сценарий” (Эркин Аъзам) ва “Энг яхши аёл роли” (Раъно Шодиева) номинацияларида ғолиб бўлди. Шунингдек, жорий йил июль ойида Хитойда ташкил этилган ШҲТга аъзо давлатлар кинофестивали танлови дастурида иштирок этиб, унда актриса Раъно Шодиева “Энг яхши актриса” номинациясида ғолибликни қўлга киритган эди. 27 ноябрь куни Москвада ўтказилган кинофестивалда фильм актёри Анвар Картаев “Энг яxши иккинчи пландаги рoль учун” номинациясида “Бриллиант капалак” мукофотига сазовор бўлди. Фильм Тожикистон, Ҳиндистон, Россия ва Эрон давлатларида ўтказилган халқаро кинофестивалларда ҳам муносиб иштирок этгани эътиборга лойиқдир.



Фильм намойиши барчада яхши таассурот уйғотди. Премьерада Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовлар иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири