"Баҳорни қувиб” фильми “Антарес” кинофестивалининг асосий танловида қатнашади
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган “Баҳорни қувиб” бадиий фильми жорий йил 6–10 август кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўтказиладиган II Халқаро “Aнтарес” кинофестивалининг асосий танлов дастурига киритилди.
Фильм Россияда илк бор намойиш этилади ва расмий премьера мақомини олади.
“Антарес” — инсон образи, касблар ва ижтимоий мавзуларни бадиий ифодалашга қаратилган халқаро кинофестиваль сифатида тобора эътироф топмоқда.

2025 йилги танлов дастурида 29 мамлакатдан 104 та фильм қамраб олингани мазкур фестивалнинг халқаро нуфузи ва кенг қамровлилигини кўрсатмоқда.
Айтиш керакки, “Баҳорни қувиб” фильми жорий йил июль ойида Хитойда ўтган ШҲТ давлатлари кинофестивалининг танлов дастурида иштирок этиб, унда актриса Раъно Шодиева “Энг яхши актриса” номинациясида ғолибликни қўлга киритган эди.
Ушбу ютуқлар нафақат мазкур фильмнинг ижодий жамоаси, балки ўзбек киноси учун халқаро майдондаги муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА