Қорақалпоғистон Республикасида биринчилардан бўлиб Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида чигит экиш бошланди.
Шу муносабат билан Элликқалъа туманидаги “Худайберган Эрназаров” фермер ҳўжалигида ташкил этилган кўргазмали семинарда сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, соҳага масъул ташкилотлар, пахта кластерлари корхоналари раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.
Туманда жорий йил ҳосили учун чигит экиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилди. Бу ишларни белгиланган муддатда сифатли олиб бориш учун барча шароит яратилди. Туманда 10 минг 195 гектар ерга чигит қадаб, мўл ҳосил олиш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳозирги кунда 32 та отряд ташкил этилди.
Тадбирда мутасаддиларга чигит экишини қисқа муддатда ва сифатли якунлаш бўйича тавсиялар берилди. Бунинг учун мавжуд техникалардан оқилона фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Нуроний отахонлар дуоси билан чигит экиш ишлари бошлаб юборилди. Мавсумий ишларга бағишланган кўргазмали семинар Тўрткўл ва Беруний туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА