Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ корхоналари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни Баҳорги тижоратлаштириш форуми ташкил этмоқда.
Жорий этишга тайёр бўлган илмий ишланмалар ҳамда тармоқларда мавжуд муаммо ва эҳтиёжлар бўйича илмий ташкилотларга буюртма бериш мақсадида 5,5 миллиард сўмлик 13 та шартнома имзоланиши режалаштирилган.
Ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмалар ва янги буюртмалар бўйича илмий ташкилотлар билан ҳамкорликдаги амалга ошириладиган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган 22,7 миллиард сўмлик 13 та иш режа бўйича шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
[gallery-6107]
Олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлар тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари билан уч томонлама шартнома имзолаш ва тегишли ҳудудлардаги олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг олимлари билан учрашувларни ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга йўналтирилган ҳамда тижоратлаштиришгача тайёрлаш юзасидан ишларини амалга ошириш ва саноат намуналарини яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш мақсадида 22,3 миллиард сўмга тенг 25 та лойиҳа раҳбарларига сертификатлар топширилади. 5,5 миллиард сўмга тенг 12 та лойиҳа тармоқ ва хусусий сектор томонидан ҳамкорликда молиялаштирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА