Шу кунларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан республикамиз бўйлаб баҳорги пилла мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, пиллачилик соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган экспорт, инвестиция, касаначилар билан шартнома қилиш масалалари ҳамда баҳорги пилла мавсумини қизғин бошлаш, касаначилар учун ўқув-семинарларини кенг кўламда ташкил этиш, қуртхоналар, тутчилик ва уруғчиликнинг ривожланишини назорат қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Масъул ходимлар томонидан ҳар бир вилоятга алоҳида-алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, назорат тадбирлари талабчанлик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Икромжон Сайфуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида бўлиб, корхоналарда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Ташриф давомида ипак мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнлари кўздан кечирилиб, замонавий технологиялар асосида олиб борилаётган ишлар назорат қилинди. Шунингдек, тут баргидан чой тайёрлаш бўйича жараёнлар ўрганилди.
Андижон вилоятида эса амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан танишилди. Мавсумни самарали ташкил этиш, камчиликларни бартараф қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, Наманган вилоятида ташриф давомида мавсум бўйича туман “Агропилла“ МЧЖ раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бугунги кунда фермерлар ва касаначилар билан тузилган шартномалар ҳолати, тутзорлардан самарали фойдаланиш, тутзорлар қошида қуртхоналар қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳисоботлари тингланди.
Бу каби назорат ишлари қолган вилоятларда ҳам давом этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l3CRw-x39fU" title="Bahorgi pilla mavsumi uchun nazorat ishlari olib borilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева, ЎзА