Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳорги пилла етиштириш мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилади
14:14 / 2024-01-31

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида видеоконференцалоқа орқали кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Қўмита раиси Иқболжон Ергашев олиб борган йиғилишда ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раҳбарлари ва ипакчилик кластерлари, уруғчилик корхоналари ва тутчилик хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда жорий йил баҳорги пилла етиштириш мавсуми учун касаначилар билан шартнома тузиш ишлари ҳолати, пилла қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида баҳорги мавсумда ҳудудларда тут кўчатларини экиш ишларини ташкил қилиш ҳамда ижро интизоми каби масалалар кўриб чиқилди.  

Қайд этилганидек, ўтган йил давомида пиллачилик кластерлари томонидан тут ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш орқали пилла етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, республика бўйича жами 124,1 миллион туп тут кўчатлари экилиб, тутзорлар 54,8 минг гектарга ва якка қатор тут дарахтлари 217,4 миллион тупга етказилди.    

Республикада 443,5 минг қути ипак қурти парваришланиб, 25,8 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди. Етиштирилган пилла хомашёси тизим корхоналари томонидан тўлиқ қайта ишланиб, ипак маҳсулотлари экспортга йўналтирилди. Умумий қиймати 21 миллион доллар бўлган 11 та янги лойиҳа ишга туширилди.  

Шунингдек, йиғилишда пилла қурти боқишда агротехник воситалардан фойдаланиш бўйича илмий-амалий ўқув семинарлар ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги ишсиз, аммо меҳнатга лаёқати бор хотин-қизларни мазкур соҳага жалб қилиш ва уларни ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.    

Баҳорги пилла етиштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил қилиш, жорий камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА