Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳорги агротехник тадбирлар ўтказилмоқда
16:29 / 2024-04-13

Бошоқли дон экинларининг найчалаш ҳамда бошоқлаш босқичларидаги парваришини ўз вақтида амалга ошириш юқори ва сифатли дон ҳосилини етиштиришни таъминлайди.

Бу йилги баҳорнинг серёғин келиши ғалла майдонларида бегона ўтлар кўпайиши, касаллик ва зараркунандалар кўпроқ тарқалишига олиб келиши ҳамда ҳосилга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

– Найчалаш даврида кузги буғдойнинг вегетатив органлари эрта баҳорги ҳолатга нисбатан жадал ривожланиши кузатилади, – дейди Кармана тумани ўсимликлар карантини ва ҳимояси фитосанитар назорат давлат инспектори Моҳичеҳра Мўминова. – Бу даврда йиллик азотли ўғит меъёрининг 45-50 фоизи, яъни физик ҳолда 300-320 кг/га миқдорида 2-озиқлантириш ишлари ўтказилади. Ғаллазорлардаги агротехник тадбирларни амалга оширишда навларнинг биологик келиб чиқишини ҳисобга олган ҳолда, хусусан, эртапишар навларни, ўрта ва ўрта кечпишар навларга нисбатан 7-10 кун эртароқ озиқлантириш ҳамда шарбат усулида суғоришни ташкил қилиш талаб этилади. Кўп йиллик кузатувларга кўра, эрта экилган ғалла навлари апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида бошоқлаш даврига киради.

2024 йил ҳосили учун Кармана туманида 7700 гектар майдонга буғдой уруғи экилган. Айни кунларда туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими мутахассислари ғалла майдонларида кунлик фитосанитар назорат ишларини ўтказиб, амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар тўғрисида ўзларининг тегишли тавсияларини беришмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири