Сирдарё вилоятининг Сойибобод маҳалласидаги “Олтин тож” тантаналар уйида маҳалланинг фидоийи, меҳнаткаш ва фахрий аёллари, келин-қизлар, қайноналар жам бўлди.
Бу ерда 8 март-- Халқаро хотин-қизлар куни олдидан “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
–Баҳорни аёллар, оналар бошлаб беради, уларга билдирилган ҳурмат-эътибордан табиат ҳам яшнаб кетади, – дейди тадбир ташкилотчиси, шу қишлоқнинг қизи, Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши котибияти мудири Дилбар Анорқулова. – Бу маҳалла хотин-қизларининг бошини бириктириш осон. Сабаби, улар янгиликка ўч, маънавият ва маърифатга ташна, фарзандларининг таълим-тарбиясида бир-биридан қолишмайдиган даражада талабчан.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Сирдарё вилоят драма театри актрисаси Озода Абдуллаева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Норинисо Қосимова, “Гулистон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Баҳринисо Норжигитова ўз ижодлари билан байрам иштирокчиларини хушнуд этишди.
Айниқса, Озода Абдуллаеванинг “Майсаранинг иши” операсидаги Ҳожи Дарға ариясининг жонли ижросидан ҳайратга тушганлар кўп бўлди. Жарангдор овоз, маҳоратли ижро кўнгилларни забт этди. “Инсонликка номзод” спектаклидаги Она образи номидан айтилган парча оилаларнинг шаънини ҳимоя қилувчи хотин-қизларнинг дилидаги гаплар аслида.
Норинисо Қосимованинг шеърлари ҳаётнинг бир парчаси, уни ўқиган мухлис борки, ўзини кўзгуда кўради гўё. Ўзбекистон халқ шоирлари Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойбердиеванинг назарига тушиб, уларнинг алқовини олган Норинисо Қосимова бугун ёшларнинг меҳрибон, жонкуяр мураббийи, устози. Зулфия номидаги Давлат мукофотини олган шоира қизлар борки, Норинисо Қосимованинг ижод мактабида таҳсил олгани рост. Тадбирда шоиранинг “Саккиз қизнинг онаси” деб номланган шеъри оналарга бағишланган қасида янглиғ янгради.
Гулистон тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Худойбердиева байрам иштирокчиларини қутлади. Тадбир иштирокчиларига ҳомийлар томонидан байрам совғалари берилди. Шунингдек, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан бир гуруҳ фаол хотин-қизларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири