Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳор сайлида ёшлар жам бўлди
12:14 / 2024-03-20

Халқимизнинг қадимий байрами бўлган Наврўзи олам ўзида шукроналик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик сингари юксак инсоний ғояларни мужассам этгани учун ҳам алоҳида қадрлидир. Бу айёмда ҳудудлардаги ёшлар ўз фаоллиги билан барчага намуна бўлмоқда.

Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Урф-одат, қадрият, анъана ва ёшлар ҳамда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз” шиорлари остида бўлиб ўтган “Ёшлар сайли” бунинг ёрқин мисоли бўлади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Олий таълим , фан ва инновациялар вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, Тошкент вилояти спорт бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги барча олий ва профессионал таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари, вилоят сардорлари, спортчилар, санъат ва маданият йўналишда юқори натижаларга эришган ўғил-қизлар иштирок этди.

[gallery-16518]

Дастлаб ёшлар учун “Street Workout” спорт мусобақалари ва қадимий миллий халқ ўйинлар чиллак, беш тош, ланка тепиш каби ўйинлар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Ўз ҳудудида “Уста-шогирд” мактаби асосида ҳунарманд бўлган ёшларнинг тикувчилик, заргарлик, наққошлик ва каштачилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Тадбир давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент вилоятида жойлашган олий ва профессионал таълим муассасаларидаги, ҳарбий қисмлардаги ёшлар етакчилари ҳамда вилоят “Сардорлар” ва ёшлар вакиллари томонидан ҳудудда мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Катта саҳнада бадиий жамоаларнинг ижодий чиқишлари намойиш этилди. 

Санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Катта қозонларда ош, сумалак тайёрланди. Дастурхонлар баҳорий таомлар билан безатилди.

А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.