Уни кўпларимиз «Баҳор қайтмайди» телеспектакли орқали илк марта таниган эдик. Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев манманликка берилган хонанда образини қойилмақом тарзда ижро этгани ҳали-ҳамон эътироф этилади.
Лутфулла Саъдуллаев 82 ёшида бу ёруғ оламдан ўтгани ҳақидаги машъум хабар, театр ва кино мухлислари қалбини ларзага солгани рост.
Устоз санъаткор 1940 йилнинг 18 декабрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1965 йил Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган.
Л.Саъдуллаев талабалик йилларидаёқ ижодий фаолиятини Ёш томошабинлар театридан бошлаган. Театр саҳнасидаги Мусо Жалил («Мусо Жалил»), Бунёд («Семурғ»), Ибн Сино («Донишманднинг ёшлиги»), Шоғулом («Жанжал»), Омон («Шум бола»), Мирқосим («Заҳарли томчилар»), Ибн Малъун («Минг бир кеча») каби образлари билан томошабинлар меҳрини қозонганди.
Бундан ташқари, Л.Саъдуллаев кино ва видеофильмларда ҳам самарали ижод қилди. Энди улар бизга хотира бўлиб қолди.
Лутфулла Саъдуллаев ўзининг тўғрисўзлиги, меҳнатсеварлиги, фидойилиги билан халқимиз қалбидан чуқур жой олди. У ўзбек санъатининг кўкка бўй чўзган, илдизлари мустаҳкам бир чинори эди, дея хотирланади Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг телеграм каналида.
ЎзА