Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича саломатлик бу тугал жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир.
Шунинг учун инсонларнинг (эркак ёки аёл бўлишидан қатъий назар) саломатлиги жамиятнинг ҳар томонлама фаровонлиги ва одамлар ҳаётига узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бассейнда сузиш, кортда теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш, бадминтон каби спорт турлари билан шуғулланиб туриш инсонга ўзини ўзини яхши ҳис қилиши, яъни мияда эндорфин – кайфиятни кўтарувчи муҳим гормонлар пайдо бўлишига олиб келади. Демакки, спорт билан шуғулланадиган кишилар ўз қадр-қимматини яхши ҳис қилади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантириш, уларнинг спорт билан оммавий шуғулланиши учун зарур шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳам бежизга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги "Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 735-сонли қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаментининг аёл ходимлари ўртасида бадминтон бўйича "Баҳор маликалари" шиори остида спорт ўйинлари ташкил этилди. Унда департаментда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирок этди.
Бундай спорт ўйинларини вилоят туризмни ривожлантириш департаменти хотин-қизлари ўртасида тез-тез ташкил қилиб туриш кўзда тутилган.