Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳор келди сени сўроқлаб...
12:04 / 2022-03-03

ФОТОРЕПОРТАЖ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор...

Ҳар йили баҳорнинг илк кунида халқимизнинг севимли шоираси, журналист, атоқли жамоат арбоби Зулфияхоним таваллуд айёми кенг нишонланади. 
Кеча Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод боғида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллудининг 107 йиллигига бағишланган адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди. 

Ижодий учрашув аввалида пойтахтдан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, адабиёт мухлислари икки улуғ шоирга ўрнатилган ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйишдан бошланди.

Тадбир доирасида Жиззах вилоятида мавжуд олий таълим муассасаларида, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб интернатида ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейида ижодий учрашувлар ташкил этилди. Учрашувда ўзининг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғуларини, олижаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган шоиранинг миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилиб, асарларидан намуналар ўқилди.

Шундан сўнг иштирокчилар боғ ҳудудидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейида бўлиб, уларнинг ҳаёти ва ижодий мероси билан танишдилар.

- Зулфия таниқли жамоат арбоби, ижодкор сифатида вилоятимиз аҳлининг кўнглидан чуқур ўрин олган, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. - Президентимизнинг ўзбек шеъриятини дунёга танитган шоира Зулфия ижодини ўрганишга ва уларнинг давомчилари бўлмиш ижодкор ёшларни қўллаб-қувватланаётгани туфайли йилдан йилга шоираларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. 

Жумладан, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб интернати очилгани, икки ижодкор номидаги боғ, музей ташкил этилгани ёшларимизнинг шоира ижоди ва ибратли ҳаёт йўлини ўрганишга қизиқишни янада оширмоқда.

Тадбир сўнггида  мактаб интернати ўқувчиларининг Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрлаган бадиий чиқишлари ва саҳна кўринишларини намойиш этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллуди муносабати билан вилоятдаги маданият ва таълим муассасаларида турли маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

[gallery-5971]


Жамшид ЁРБЕКОВ олган (сурат) ЎзА