Баҳор байрамлари бизнинг хонадонда бўлакча нишонланади. Баҳор фақат табиатнинг уйғониши эмас, балки оилавий меҳр-оқибатнинг янгиланиш фасли сифатида кириб келади. Баҳор нафаси билан бирга уйимизга қўшалоқ байрам ташриф буюради. Боиси, отам олтинчи март куни таваллуд топганлар.
Шу боис, мартнинг илк кунлариданоқ опа-сингилларимнинг қўллари-қўлларига тегмайди. Ошхонадан кўк сомса ва кўк чучвараларнинг иси анқий бошлайди. Дастурхонимиз баҳорий неъматлар билан безалиб, гўё уйимизга баҳорнинг ўзи меҳмонга келгандек бўлади.
Хонадонимизга янги келин тушгач, отам йиллар давомида шаклланган анъанага кутилмаган ўзгартириш киритдилар.
– Келиним саккизинчи мартда туғилган экан. Бундан буён байрамни саккизинчида, биргаликда нишонлаймиз, – дедилар.
Ўша кун ҳам саккизинчи март эди. Дастурхон ҳар галгидан ҳам файзли, ноз-неъматларга тўла. Опа-сингилларим бирин-сирин дастурхон атрофида йиғилишди. Қувончли лаҳзалар устига келинимизнинг укаси аёли билан табриклагани келиб қолди. Давра суҳбат ва кулги билан авжига чиққан маҳал отам барчани табриклаш учун сўз олдилар. Сўнг ўз одатларига кўра, беш қиз ва бир келин учун алоҳида тайёрланган совғаларни улаша бошладилар.
Шу пайт волидамнинг зийракликлари ҳаммани лол қолдирди. Онам сездирмай яна бир қўшимча совғани отамга узатдилар. Отам ҳайрон бўлиб онамга қараганларида, онам юзларида ним табассум билан:
– Адаси, бугундан бошлаб қизларингиз, келинларингиз сафи яна биттага кўпайди. Бу совғани қудамизнинг келинларига ўз қўлларингиз билан берасиз-да...
Бу гапдан сўнг даврага бир лаҳза жимлик чўкди. Бу – ҳайрат ва эҳтиром жимлиги эди. Отам онамнинг бу қадар ҳушёр ва оқилаликларидан мамнун бўлиб, совғани меҳмон келинга топширдилар.
Баҳор фақат гуллар ва таомлар билан эмас, балки мана шундай кичик, аммо, юракка етиб борувчи эътибор ва меҳр билан гўзал эканини яна бир бор англадик. Оиламизнинг файзи бўлган оналаримиз бор бўлишсин!
Асрор Сулаймонов, ЎзА.