Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари аслида ҳеч бир фаслга қарамай, шиддат билан давом этмоқда. Баҳор фасли эса шундай эзгу ишларни янада кўтаринки рўҳда давом эттириш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи навбатдаги фаолиятини Наманган вилоятида давом эттирмоқда.
Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси ҳамда тегишли вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ вилоятнинг Косонсой, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 254 та маҳалла аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигини кенгайтириш, ёшлар билан ишлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишларни олиб борилмоқда.

Жумладан, бу борада мазкур ҳудудда энг қисқа муддатларда 52 мингга яқин янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Хусусан, иш ўринлари инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳасида яратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан 35 нафар фуқарога 770 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди ва тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди.
Мавжуд бўш ишчи ўринларига 845 нафар фуқаро жойлаштирилиб, 524 нафари касб-ҳунарларни ўқитишга йўналтирилди ва 291 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Бундан ташқари, вилоятда ер олиш, ўз-ўзини банд қилиш истаги бўлган ёшларга ер майдонлари ажратиш белгилаб олинди ва ер олиш истаги бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилди. Сув таъминоти яхши, аҳолига яқин бўлган экин ер майдонларидан яхлит контурлар танланди.
Аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан 4 710 та хонадон ҳамда 179 та ижтимоий соҳа объектлари манзилли ўрганилди. Натижада аҳолидан келиб тушган жами 680 та муаммоли масаланинг 479 таси ҳудуддаги масъуллар билан биргаликда жойида ҳал этилди.

Хусусан, маҳаллалардаги ички йўлларнинг ҳолатини яхшилаш йўналишида 13,2 километр ички йўл шағаллаштирилди, 1,7 километр қисмига бетон қопламаси ётқизилди, 5,4 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги таъмирланди.
Электр таъминотини яхшилаш йўналишида 26 та трансформатор таъмирланди, 47 та яроқсиз симёғоч темир-бетон устунларга алмаштирилди ва қўшимча 92 та янги устун ўрнатилди. Электр СИП кабеллар тортилиб, 287 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Танлаб олинган туманлар бўйича 42 мингдан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган беморларни даволаш ишлари ташкиллаштирилиб, туман, вилоят ва республика шифохоналарига ётқизилди. Шу билан бирга, бепул дори-дармонлар билан таъминланди.
Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда 79 та маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, 904 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила ҳамда 728 та ногиронлиги бор шахслар билан яшовчи оилалар учун эҳсон ифторликлари ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиганларнинг сонини ошириш учун зарур шароитлар яратиш йўлида эса «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида спортнинг футбол, енгил атлетика, стол тенниси, воркаут бўйича маҳаллаларда мусобақалар ўтказилмоқда.

Мактабларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида китобхонлик, эстрада, театр, саёҳат тадбирлари йўналишида тўгараклар, миллий мақом, фольклор-этнографик йўналишларда ўқувчиларнинг ҳаваскорлик ансамбллари ташкил этилди.
Республика ишчи гуруҳининг ҳудуддаги фаолияти давом этмоқда.
Мансур Абдусатторов