Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Баҳодир Йўлдошев: театр одам" номли ҳужжатли фильмнинг тақдимоти ўтказилди
20:19 / 2025-09-09

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига биноан мамлакатимизнинг бир гуруҳ адабиёт, маданият ва санъат фидойилари қатори устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевнинг "Дўстлик" ордени билан мукфотланиши юртимизда миллий маданиятимиз равнақига кўрсатилаётган чексиз эътиборнинг яна бир ёрқин ва амалий намунаси бўлди.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида мамлакатимизда устоз санъаткор, моҳир режиссёр Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Пойтахтимиздаги "Ренессанс" кино уйида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси ҳамкорлигида тасвирга олинган "Баҳодир Йўлдошев: театр одам" номли ҳужжатли фильмнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Премьерага маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, театр, кино соҳаси фидойилари, ижодкор ёшлар таклиф этилди.

[gallery-25251]

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва бошқалар устоз ижодкор Баҳодир Йўлдошевнинг серқирра фаолияти, ибратли фазилатлари хусусида сўзладилар.

– Биз шундай инсонлар билан замондош бўлганимиздан фахрланамиз, – деди Кинематография агентлиги бош директори Шуҳрат Ризаев. – Баҳодир ака барчамиз учун тугалланмаган китоб, биз охиригача етиб англамаган тилсим бўлиб қолди. Бу унинг буюк, мукаммал ижодкорлиги билан боғлиқ. Ушбу тадбирга келган ҳар бир инсон Баҳодир ака ҳақида жуда ёрқин хотираларни эслаши, сўзлаши табиий. Мазкур фильмни яратишни ёш ижодкорларга ишондик. Сабаби Баҳодир Йўлдошев шахсиятига бугунги замон, янги замон ёшлари нигоҳи билан қараш ғоят муҳим масала.

– Баҳодир Йўлдошевни ёзмайдиган ёзувчи, дейиш мумкин, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Ўзи ёзмасдию, лекин Хуршид Даврон, Усмон Азим, Абдуқаюм Йўлдошев каби ижодкорларни асар ёзишга даъват этарди. Шулар қаторида менинг ҳам Баҳодир аканинг турткиси билан ёзган асарим саҳна, кино асари бўлган, эътирофларга муносиб топилган. 

Дарҳақиқат, Баҳодир Йўлдошев – театр одам эди. У миллий маънавиятимиз, адабиётимиз, санъатимизга беминнат ва ҳалол хизмат қилган, миллионлаб инсонлар қалбига маърифат, эзгулик ёғдусини улаша олган заҳматкаш, фидойи ижодкор эди. 

"Баҳодир Йўлдошев: театр одам" номли ҳужжатли фильм айни шу жиҳатларни очиб бериши билан диққатга сазовор. Ушбу ҳужжатли картина Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмаси асосида Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда яратилган. Сценарий муаллифи – Муроджон Турдиев, режиссёрлар – Анваржон Ҳамроқулов, Муроджон Турдиев. Ҳужжатли фильм муваффақиятида операторлар, овоз режиссёрлари, муҳаррирлардан иборат катта ижодий жамоанинг хизматлари беқиёс. 

"Баҳодир Йўлдошев: театр одам" номли ҳужжатли фильм томошабинларда катта таассурот қолдирди. 

Назокат УСМОНОВА, 

ЎзА мухбири