Термиз шаҳрида Токиода бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида спортнинг бокс тури бўйича олтин медални қўлга киритган Баҳодир Жалоловни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, талаба-ёшлар ва ёш спортчилар иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси О.Соатов, меҳнат фахрийси Х.Шарофуддинов ва бошқалар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор Ватанимиз шон-шарафини дунёга кенг ёйишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу ишлар ёш авлод қалбида спортга бўлган меҳр-муҳаббатнинг юксалиши, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етиши ҳамда спорт турлари бўйича юқори натижаларни қўлга киритишига пухта замин яратмоқда.
Кун чиқар давлатда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида сурхондарёлик Баҳодир Жалолов ҳам профессионал бокс бўйича мамлакатимиз шарафини ишончли ҳимоя қилди.
Токиода бўлиб ўтган жангларда унинг ҳар бир чиқишини ўзбекистонлик юртдошларимиз катта умид ва ишонч билан кузатди. Ёш спортчи ғолибликни қўлга киритиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа қилди.
[gallery-3481]
– Албатта, ғалабага эришиш осон бўлгани йўқ, – дейди Баҳодир Жалолов. – Ҳар бир беллашувда юртдошларимнинг мени ғойибона қўллаб-қувватлаётганини ҳис этиб турдим. Бу ғалабага бўлган ишончимни янада мустаҳкамлади. Буни бутун ўзбек халқининг ютуғи, деб биламан. Келгуси беллашувларда ҳам Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтаришга сўз бераман.
– Баҳодир Жалолов бизнинг фахримиз, – дейди термизлик ёш спортчи Жалолиддин Туропов. – Биз ёшлар унга ҳавас қилиб, ҳар бир мусобақасини катта қизиқиш билан кузатамиз. Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинида ҳам Баҳодирнинг жангларини мароқ билан томоша қилдик. Келажакда биз ҳам мамлакатимиз байроғини жаҳон беллашувларида баланд кўтаришга аҳд қилганмиз. Бунинг учун барча шароит яратилган.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Баҳодирни эришган ғалабаси билан муборакбод этиб, унга “Шкода” автомобили калитини топширди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Баҳодир Жалолов камолга етган олис ва чекка Сариосиё тумани аҳолиси боксчи билан фахр туймоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА