Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Баҳодир Жалолов катта эҳтимол билан Тошкентда жанг қилади
13:43 / 2021-11-13

Жорий йил декабрь ойида Тошкентда профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Кечанинг асосий баҳси Исроил Мадримов ва Мишель Соро ўртасидаги элиминатор мақомида жанг бўлади. Ушбу баҳс “WВА” йўналишида жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар ким бўлишини белгилаб беради ва жанг ғолиби “WВА Super” чемпионлик камари учун рингга кўтарилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, мазкур оқшомда Шаҳрам Ғиёсов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов ҳам навбатдаги жангини ўтказиши кутилмоқда. Шу муносабат билан ЎзА мухбири жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов билан суҳбатлашди.

– Декабрь ойида бўлиб ўтадиган профессионал бокс оқшомида сизни кўрамизми, ҳозир қаерда шуғулланяпсиз?

– Ҳозирда асосий машғулотларим Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, ҳафтасида уч маротаба “Янги обод” спорт базасида шуғулланяпман. У ерда айни кунларда 22 ёшгача бўлган терма жамоамиз аъзолари ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Улар билан кўпроқ спаринг жанглар ўтказяпман. Бу эса улар учун ҳам, мен учун ҳам муҳимдир.

Исроил Мадримов ва Мишель Соро ўртасидаги элиминатор жанг кечасида катта эҳтимол билан рингга кўтарилишим мумкин. Ҳозирда аниқ бир фикр айта олмайман. Муносиб рақиб топилса, ушбу профессионал бокс кечаси ўтиши учун аниқ қарор қабул қилинса, балки мен ҳам навбатдаги жангимни ўтказарман. Муҳими, ҳозирда машғулотларни шиддат билан давом эттиряпман.

– Сиз ҳаваскор ва профессионал боксда бир маромда фаолият олиб боряпсиз. Сербияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ҳақида фикрингиз қандай?

– Жаҳон чемпионати яхши ташкиллаштирилди. Чарм қўлқоп усталаримиз ҳам муносиб иштирок этди. Бироқ боксчиларимиз яхши жанг олиб борган бўлса-да, ҳакамлар айби билан кўп жанглар бой берилди. Биласизми, спорт чархпалакка ўхшайди, доим айланиб туради. Бугун ғалаба бўлса, эртага мағлубият бўлиши мумкинлиги ҳам табиий. Ишонамизки, чархпалак айланиб яна ғалабалар қайтади. Тошкентда бўладиган жаҳон чемпионатида яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек бокс мактаби доимо биринчилар қаторидан жой олган ва албатта, шундай бўлиб қолади.

– Бу йилги мавсум сиз учун кўнгилдагидек бўлди. Келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

- 2022 йил профессионал боксдаги контрактимда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Шундан сўнг асосий эътиборни профессионал боксга қаратаман. Кўпроқ жанглар ўтказиб, унда ҳам жаҳон чемпиони бўлиш ниятидаман. Ҳозирда Осиё ва жаҳон ҳамда Олимпия ўйинлари олтин медалини юртимизга олиб келганман. Профессионал боксда ҳам жаҳон чемпионлик камарини Ватанимизга олиб келсам, ҳар бир боксчи орзу қилган марраларни эгаллаган бўламан. Бунинг учун тинимсиз меҳнат ва ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишдан чарчамайман.

- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

- Фурсатдан фойдаланиб, биз спортчиларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар учун Президентимизга, барча масъулларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишонаманки, ўзбек спортчилари юрт байроғини ғурур ва ифтиҳор билан доимо баланд кўтаришда давом этади.

ЎзА мухбири Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ суҳбатлашди.