ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та Ижод мактаби, 2 та Спорт мактаби ва 185 та Ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 июнда қабул қилинган «Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан пойтахтимизда Баҳодир Жалолов номидаги бокс ва Оксана Чусовитина номидаги гимнастика спорт мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.
[gallery-24354]
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғига асосан мазкур Спорт мактабларига кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда. Имтиҳонлар 2 босқичда ўтказилади. Биринчи босқич – тест шаклида, иккинчи босқич – касбий (ижодий) тарзда.
Маълумотларга кўра, жорий йил қабул давомида Агентлик тизимидаги Спорт мактабларига жами 582 та ҳужжатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 380 таси Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактабига ҳамда 202 таси Оксана Чусовитина номидаги гимнастика мактабига тўғри келади.
Жумладан, Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабига топширилган ҳужжатлар сони бир ўринга 16 тани ташкил этади. Бугун мазкур спорт мактабида касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан биргаликда спорт мактабларига ўқувчиларни қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш учун спорт турлари бўйича малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби шакллантирилган.
Талабгорлар касбий (ижодий) имтиҳонда жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича 60 метр масофага югуриш, баланд турникда тортилиш, паст турникда 90° осилган ҳолда тортилиш (қизлар учун), турган жойидан узунликка сакраш, олдинга эгилиш каби синовлардан ўтадилар. Шунингдек, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича соя билан жанг, қоплар билан ишлаш, спаринг тушиш машқларини ҳам бажаришлари лозим бўлади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА