Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бағрикенглик – халқимизнинг азалий қадрияти
18:11 / 2021-05-27

Дунёда глобаллашув жараёни шиддатли тус олган бугунги даврда турли маданият ва динга мансуб халқлар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш долзарбдир. Зеро, бугун якка шахс ёки алоҳида миллат ва давлатнинг ўз қобиғидан чиқмасдан тараққий этиши мумкин эмас. Бунда эса, энг аввало, бағрикенглик тамойили устувор бўлмоғи зарур.

Ўз навбатида мазкур тамойилнинг қарор топиши ҳар бир юрт аҳолисининг тинч, осойишта ва фаровон ҳаётига ҳам кафолатдир. Бироқ бунинг учун ҳар бир шахс ўз ватанидаги тинчлик ва осойишталик қадрига етиши, шу фаровон ҳаётини янада мустаҳкамлашда оиласи, эл-юрти тақдири, келажагига дахлдорлик туйғусини дилига жо қилиб яшаши муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш бўйича таклиф билдирганди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Бугун миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш борасидаги Ўзбекистон намунаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бинобарин, она заминимизда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик чуқур тарихий илдизларга эга.

Юртимиз ҳудуди минг йиллар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари вужудга келган. Демак, жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашув ҳам кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқаларнинг ривожланишига ҳамда маҳаллий халқнинг диний ва маданий ҳаётига ҳам катта таъсир кўрсатган. Айни шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки бағрикенглигининг маънавий асосини ташкил қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан ёнма-ён бошқа динлар, маданиятлар ҳам ривожланиб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглигидан дарак беради.  

Халқимизда бағрикенглик ва муросанинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади. Мамлакатимиз ҳудудида фаолият кўрсатган турли динлар маданияти бўйича изланишлар олиб борган япон олими Кюдзо Катонинг фикрига кўра, Сурхондарё воҳасида аниқлаган ноёб Будда маданияти ёдгорликлари, яҳудий ёдгорликлари, Бухорода насронийларнинг зиёратгоҳлари юртимиздаги ислом обидалари билан бир қаторда туриши ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Жаҳондаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Дин одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Аксарият динлар бу дунёни фоний, ўткинчи деб ҳисоблайди. Улар инсоннинг яшашдан асл мақсади – бу дунёда хайрли, савоб ишлар қилиб, боқий дунё синовларига тайёргарлик кўриш деган ғояни тарғиб этади. Барча динларда кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш ўз аксини топган. Хусусан, яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенсман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилгани, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтда ҳам шароит яратиб берилганини таъкидлаб “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, деб ёзади.

Шунингдек, бу ўринда Архиепископ Владимирнинг ҳам фикрлари ўринлидир: “XIX асрда Россиянинг марказий минтақаларидан мажбурлаб кўчирилган крестьянлар ночор аҳволга тушиб қолганда маҳаллий аҳоли уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган. Ўша давр воқеаларини кўрган иеромонах Харитон “...Маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлдилар, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик ва муҳтожликдан ўлиб кетган бўлар эдилар”, деб гувоҳлик берган.

Туркистон ерларига кириб келган Рус православ руҳонийлари асосий эътиборни ўз жамоаларининг диний эҳтиёжларини қондиришга қаратганлар.  

Турли динлар вакиллари орасидаги ўзаро ҳурмат азал-азалдан шакллангани тарихий манбалардан яхши маълум. Манбаларда Ўзбекистонда диний ва этник муносабатлар асосида бирор марта ҳам низо чиқмагани қайд қилинган. Бундай ҳолатни ҳозирда ислом, христиан, яҳудий динлари ва бошқа конфессияларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу каби дўстона муносабатлар, яъни мусулмонлар ва христианларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси, деб айтишимиз мумкин.

Абу Райҳон Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарида “Бирон халқнинг у ёки бу удумларига баҳо беришда буниси менга ёқади, униси ёқмайди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Негаки, ҳар бир халқ удумлари, анъаналари минг йиллар давомида шаклланган ва ўша миллатнинг ҳаёт тарзига айланган”, деб ёзган эди.

Буюк аждодимизнинг бу сўзлари инсониятнинг бир бутунлиги ва тараққиётини белгилаб берувчи омиллардан бири – маданий турли-туманликка муносабатнинг ўзига хос шакли бўлиб, бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, минг йиллар давомида турли дин, маданият ва турмуш тарзига эга бўлган халқларнинг биргаликда яшаши ҳамкорлиги маркази бўлган Ўзбекистон бунинг инкор этиб бўлмайдиган тасдиғидир. Қадим замонлардан бу ерда мусулмончилик, насроний, яҳудий, буддавий ва бошқа кўҳна дин вакиллари нафақат бирга яшаган, балки бир-бирини тўлдирган, бойитган.

Ўзбекистон кўп миллатли давлат бўлиб, 136 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Улар наинки турли тилларда сўзлашади, балки турли динларга эътиқод қилади. Ҳозир юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг диний урф-одатлари, анъана ва қадриятларини сақлаб қолиш ҳамда бағрикенглик тамойилларини таъминлаш учун етарли шарт-шароит яратилган. Муҳими, бағрикенглик халқимизнинг азалий қадриятига айлангани бутун жаҳонда эътироф этилмоқда.

Неъматулло Муҳаммедов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси  кафедра мудири,  

тарих фанлари доктори