Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида китобхон ёшлар ўртасида “Хирадманд” (“Билимдон”) танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда Фориш туманидаги 5 та ва қўшни Навоий вилояти Нурота туманидаги 5 та тожик тилида таълим олувчи мактаб ўқувчилари иштирок этишди.

Мазкур мусобақа тожик тилида таълим олувчи мактаблар ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган бўлиб, бу йилги беллашув олтинчи марта ташкил этилди. Танловнинг Порашт қишлоғидаги 13-сонли мактабда ўтказилиши ҳам рамзий аҳамият касб этди. Бу қишлоқда ёзувчи, шоир ва таржимон, Ўзбекистон ва Тожикистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси марҳум Жонибек Қувноқ туғилиб ўсган. Шу кунларда адибнинг таваллуд куни ҳам кенг нишонланмоқда.
Тадбирда Республика “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, журналист Тожибой Икромов сўзга чиқиб, иштирокчиларни китоб байрами билан табриклади ҳамда Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайиднинг табригини ўқиб эшиттирди. Шу билан бирга, тожик тилидаги янги адабиётлардан иборат совғалар мактабларнинг жамоаларига топширилди.

Бу галги танловнинг мавзуси жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг бетакрор “Шоҳнома” асари билан бойитган буюк шоир Абулқосим Фирдавсий ҳаёти ва ижодига бағишланди. Беллашув якунига кўра, Нурота туманининг мактаблари жамоаси ғолибликни қўлга киритди, форишлик ёш китобхонлар иккинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва Жиззах вилояти тожик миллий маданий марказининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Жиззах вилояти тожик миллий маданий маркази раиси Абдукарим Шарипов мазкур тадбир ҳақида шундай деди:
– Бағрикенглик – миллатлар, динлар ва маданиятлар орасидаги дўстлик ва ҳурматни мустаҳкамловчи муқаддас қадриятдир. Бу ҳафталик доирасида ўтказилаётган ҳар бир тадбир нафақат ёшларни маърифатга чорлайди, балки улар қалбида Ватанга муҳаббат, бирдамлик ва ўзгаларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди.
Дарҳақиқат, китобхонлик, маърифат ва бағрикенглик – барқарор жамият қуришнинг энг муҳим пойдевори. Форишдаги бу тадбир ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси бўлди.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари