Бугунги глобал дунёда халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тинчлик барқарор тараққиётнинг асосий шартларидан биридир. Шу боис маданий-дипломатик учрашувлар давлатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, халқлар қалбида бир-бирини тушуниш туйғусини кучайтиради.
“Ўзбекистон – Латвия” дўстлик жамияти ташаббуси билан Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасида “Халқаро бағрикенглик куни” ва Латвия Республикасининг мустақиллик кунига бағишланган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Унда Латвия ва Ўзбекистон элчихоналари ходимлари, Биродар шаҳарлар альянси вакиллари, Тошкент, Рига, Самарқанд ва Юрмала шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида икки давлат ўртасидаги барқарор ҳамкорлик, туризм, маданий алмашинув, иқтисодий ва таълимий лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, Тошкент ва Рига шаҳарлари 2004 йилда, Самарқанд ва Юрмала шаҳарлари эса 2014 йилда биродарлик алоқаларини ўрнатган. Бу муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги маданий, иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур давра суҳбати Ўзбекистоннинг очиқ ва бағрикенг сиёсатига уйғун равишда, халқлар ўртасида тотувлик, ҳурмат ва дўстликни мустаҳкамлашга, шунингдек, биродар шаҳарлар ва давлатлар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА