Мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” муваффақиятли ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида юртимизда турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, тотувлик, биродарлик, дўстлик, меҳр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги ибратли саъй-ҳаракатларни республика ва халқаро миқёсда тарғиб этиш имконини бераётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг маслаҳатчиси, диншунос олим Илҳом Маърупов билан суҳбатимиз ушбу ҳафталикнинг аҳамияти ҳақида бўлди.
– Бугунги кунда бағрикенглик масаласи нечоғли муҳим ҳисобланади?
– Ҳозирги глобаллашув даврида жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири диний бағрикенгликни таъминлаш, миллатлар ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш. Афсуски, дунёнинг айрим ҳудудларида бағрикенглик қадриятлари сусаймоқда, ижтимоий ва этник тафовутлар чуқурлашмоқда, ирқий ва диний нафрат кучаймоқда. Шу боис, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари халқаро ҳамжамиятнинг ҳамкорлиги орқали илгари сурилиши зарур ҳисобланади. Бунда, шу каби анжуманларнинг ўрни беқиёс.
– Бағрикенглик тушунчасини қандай таърифлайсиз?
– Бағрикенглик – бу шунчаки шиор эмас. Бу инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг эътиқоди ва фикрига ҳурмат билан қараш маданияти. У таълим, маърифат, инклюзивлик ва тенг имкониятлар орқали ривожланади.
– Юртимизда диний-маърифий соҳада қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилди: 130 дан ортиқ янги диний ташкилотлар, 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 102 та масжид ва 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шу билан бирга, Президентимизнинг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ва Халқаро исломшунослик академияси фаолияти йўлга қўйилди.
Бу муассасаларда ёш авлодни бузғунчи ғоялардан асраш, уларни бағрикенглик руҳида тарбиялаш борасида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
– Бағрикенгликни тарғиб қилишда Ўзбекистонда қандай анъаналар шаклланган?
– БМТнинг махсус резолюциясига кўра, ноябрь ойининг 16-санаси “Халқаро бағрикенглик куни” деб белгиланган. Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади. Унда республика бўйлаб илмий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилади. Бу анъана жамиятда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Ўзбекистоннинг бағрикенглик соҳасидаги ташаббуслари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
– Албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясидаги 72-сессияда илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси бу йўналишда муҳим қадам бўлди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясида ушбу резолюция қабул қилинди. Бу ҳужжат дунё миқёсида Ўзбекистоннинг бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суришдаги етакчи ролини кўрсатди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистонда бағрикенглик сиёсатини изчил амалга ошириш, ислом маърифати ва инсонийлик ғояларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш йўналишидаги кенг кўламли ишлар алоҳида таъкидланди. Бу, Ўзбекистоннинг бағрикенглик соҳасидаги сиёсатини халқаро майдонда самарали тарғиб этишда янги босқич бўлди.
– 15 ноябрь куни Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
– Албатта. Шу йилнинг 15 ноябрь куни “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилмоқда. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилади.
Анжуман қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:
мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда Янги Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси;
2. Конфессиялар ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашда ҳамкорлик;
3. Таълим ва маърифат – динлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг асоси.
– Бу конференциядан қандай натижалар кутиляпти?
– Ўзбекистонда ўтказилаётган бу каби нуфузли анжуманларда хорижлик экспертлар, турли диний конфессия вакиллари, соҳанинг етук олим ва мутахассислари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Улар томонидан Ўзбекистоннинг халқаро бағрикенглик тамойилларига тўлиқ амал қилиб келаётгани, шунингдек, ушбу йўналишда илғор тажрибага эга давлат сифатида бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши эътироф этилмоқда. Айниқса, турли маданият ва дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллатлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда “Ўзбекистон тажрибаси” тўлиқ ўзини оқлаётганига гувоҳ бўлмоқда!
Назокат Усмонова, ЎзА