Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бағрикенглик ҳафталиги юқори савияда ўтди
17:03 / 2021-11-22

Мамлакатимизда жорий йил 15-21 ноябрь кунлари “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.

Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлмоқда.

Бухоро вилояти Когон туманида бугунги кунда 15 дан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Жумладан, 17 нафар қорақалпоқ, 634 нафар рус, 62 нафар украин, 62 нафар белорус, 55 нафар озарбайжон, 4 нафар молдован, 12 нафар қирғиз, 860 нафар тожик, 128 нафар татар, 8 нафар яҳудий, 1 минг 46 нафар туркман, грузин, латиш, арман ҳамда бошқа миллат вакилларига нисбатан қозоқ миллати 2 минг 112 тани ташкил қилади. Ҳафталик доирасида Когон туманида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” марафони, жойларда турли миллат вакиллари билан биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Дўстлик боғи” ташкил этиш ва турли миллатлар вакиллари иштирокида “Дўстлик учун” дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Шунингдек, “Менинг бағрикенг дунём” мавзусидаги “Энг яхши расм” кўрик-танлови, “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусидаги “Энг яхши иншо” кўрик-танловлари, “Бағрикенглик” маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилди. “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ташкил этилган тадбирлар аҳоли, айниқса, ёш авлодни туманда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Отамуродов Отамурод,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Когон туман бўлинмаси раҳбари