French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бағрикенглик: афв этилган етти нафар маҳбус байрамни ўз оиласи даврасида нишонлади
14:38 / 2023-09-01

Бахт бу бориладиган манзил эмас, балки ҳар бир инсоннинг борадиган йўлидир, деган эди донишмандлардан бири. Тўғри йўлдан адашиб, хатога йўл қўйган, бугун эса қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган 7 нафар юртдошларимиз Бухородаги жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган эди. Президентимиз фармони асосида улар Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрамини ўз оиласи бағрида нишонлайдиган бўлди.

Ҳамма ҳам хато қилади, аммо унинг жамиятга хавфлилик даражасига қараб, қилмишига яраша жавоб беради. Баъзан киши ўз нуқсонлари ортидан умрбод виждони олдида ҳам ҳисоблашишига тўғри келиши мумкин. Бу йилги мустақиллик шодиёналари сабаб маърифий тадбирга таклиф қилинган Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш муассасасидаги маҳбусларнинг 11 нафари умуман кутмаган хушхабарни эшитди. Улардан 7 нафари муддатидан олдин озод қилинди. 4 нафарининг жазо муддати қисқартирилди.  

Икки йил муқаддам оғуфурушлар тузоғига тушиб қолган Бахтиёржон Марупов ҳам ўша кезларда қирчиллама 40 ёшда эди. 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингач, унинг бор умидлари саробга айланди. Бугун самарқандлик 9 фарзанднинг отаси мамлакатимиздаги инсонга эътиборни чин юракдан ҳис қилмоқда.

Бахтиёр Марупов ҳар бир ўтган кунида норасидаларининг тақдирини ўйлаб азоб чекди. Давлат раҳбарининг ғамхўрлиги сабаб каттагина оила боқувчисининг чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, у афв этилди. Албатта, бу унинг яқинлари учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди.

–Мана бугун қўшалоқ байрам бўлди, қувончдан ўзимга кела олмаяпман, – дейди Бахтиёр Маруповнинг онаси Галина Муратова. –Ўғлим оиламизга қайтяпти. Оиласи, фарзандлари бағрида бўлади энди. Энди бу хатоликлар ҳеч қачон такрорланмайди. Насиб бўлса яхши ишларга жойлашиб, фарзандлари тарбияси билан шуғулланади.  Бунинг учун Президентимизга раҳмат.  

Темуржон Раҳимов ҳам ёшлик қилиб хатога йўл қўйганига бир ярим йилдан ошди. Эндигина оила қуриш истагида бўлган йигит бугун ўз қилмишидан пушаймонда. Шунга асосан давлат унга тўғри ҳаётга қайтиши учун имконият берди.  

Аслида осойишта кунларнинг қадрига етиш учун хатога йўл қўйишга ҳожат йўқ. Аммо зулматни бошидан кечирган инсоннинг ёруғ кунларга эътиқоди тобора юксалади. Бугун тузалиш йўлига ўтган бу юртдошларимизнинг борар манзили янада мунаввар бўлишига шубҳа йўқ.

Зариф Комилов, ЎзА