Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-21 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” юксак савияда ўтказилди.
Ҳафталик наинки пойтахтимиз, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳудуди, маҳалласи, ўқув даргоҳлари, ижодий ва меҳнат жамоаларини қамраб олгани унинг нечоғлик юқори савияда, баланд руҳда ташкил этилганини англатади.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги Дўстлик боғида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остидаги қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмаси ҳам китобхонларда катта қизиқиш уйғотди.
Қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, маданият бош бошқармаси, Миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев “Бағрикенглик ҳафталиги” хусусида маълумот берди.

- Бу тадбирлар давлатимиз томонидан барча миллатлар равнақи, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун тенг шароит ва имкониятлар яратишга қаратилган миллий сиёсатнинг намунасидир, - деди Азамат Тошев. - Халқ ҳунармандчилик кўргазмалари, концерт дастури, ёзувчиларнинг асарлари турли халқларнинг маданияти, турмуш тарзи ва қалб гўзаллиги ҳақида яхлит тасаввур қилиш имконини беради. Шу маънода, бундай кўргазмалар, маданий тадбирлар миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, адиблар меросини келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон рус миллий маданий маркази раиси Сергей Миронов мамлакатимизда турли миллат ёзувчилари ва шоирлари учун яратилган кенг имкониятлар хусусида сўз юритди.
Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказлар ижодий жамоалари иштирокида ёрқин ва бетакрор концерт дастури намойиш этилди. Дўстликни тараннум этувчи турли тиллардаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринкилик улашди.

Миллий маданий марказлар ҳамда Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари томонидан тайёрланган қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмаси иштирокчиларга юртимиз адабий-бадиий ҳаётига оид янгиликлардан сўзлади. Турли миллат вакилларининг ижодий ишлари кўргазма меҳмонларида катта таассурот қолдирди.
Тадбирда шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида боғ ҳудудига Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва миллий маданий марказлар фаоллари томонидан манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Н.Усмонова, ЎзА