Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова – Фарғона вилояти Бағдод туманининг “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Бугун роппа-роса 63 ёшни қаршилаган онахон кутилмаган совғадан ўзини бирмунча йўқотаёзди.
4 ўғли ва келинлари маслаҳатлашиб, у кишига янги хонадоннинг калитини топширди. Хонадонки, Президент эътирофидаги “Гулистон” йўлдош шаҳарчасида барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уйлардан...
Бугун фарзандлар Бумайрамхон аяни Гулистонга, янги фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлардан бирининг 2-қаватида жойлашган хонадонга “шунчаки меҳмондорчиликка” олиб боришди. Ҳеч нарсадан бехабар она эшик очиб остона хатлабдики, неваралари, келинлари, эгачи-овсинларининг жўровозидан бир муддат шошиб қолди: “Таб-рик-лай-миз!”

Тўғриси, Бумайрамхон ая бир оз ўнғайсизланди ҳам: бу кимнинг хонадони, нега яқинлари бу ерда жамланган, табриклашни ўз уйларида қилишса нима эди?..
– Кейин билсам, ўғилларим ва келинларим дадаси билан маслаҳатлашиб, менга “сурприз” қилишмоқчи бўлишибди, – дейди онахон ҳаяжонини аранг босиб. – Шу пайтгача бир оғизам индаб қўйишмабди-я! Лекин барака топишсин, дадаси билан анчадан бери шу нарсани ўйлаб юргандик. Болалардан тинчидик, энди тинч, баҳаво жойлардан ёзда салқин, қишда иссиқ битта квартира олсакда, иккимиз яшасак, деб. Ана шу орзуйимиз бугун ижобат бўпти, етказганига шукр. Фарзандларимга минг раҳмат!..

Бағдод тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфузахон Каримова бахтиёр онахонни биринчилардан бўлиб қутлади.
Май ойининг учинчи ўн кунлигида Фарғона вилоятида илк бор “Оналарга эҳтиром” фестивали бўлиб ўтади. Айни кунларда унинг доирасидаги турли кўрик-танловларнинг шаҳар ва туман босқичлари ташкил этилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА