English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бағдод тажрибаси юзлаб оилаларни уй-жой билан таъминлашга хизмат қилади
11:07 / 2021-03-26

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида Фарғона вилояти Бағдод туманида ўзига хос тажриба бошланди.

Марказдан 15 километр узоқда жойлашган “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 50 та кўп қаватли уй қурилишига киришилди. Ҳозирда 19 та ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.

Давлатимиз раҳбари раислигида 24 март куни бўлиб ўтган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида мазкур тумандаги ишлар алоҳида эътироф этилди. Бу тажрибани ўрганиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

220 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда йилдан-йилга уй-жойга бўлган талаб ортиб бормоқда. Албатта, бу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чўнтакбоп ва барча инфратузилмага эга кўп квартирали уйларни қуриш бугун кун тартибига чиқди. Таъкидлаш ўринлики, Бағдоддаги қурилишлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ўрнида эмас, йиллар мобайнида бўш турган дашт ҳудудида амалга ошириляпти.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу ҳудуддаги қурилиш жараёнлари билан танишяпти.  

– Бу уйлар сифатли, нархи арзон бўлиши муҳим, – деди вилоят ҳокими. – Қолаверса, қурилиш маданиятини ҳам шакллантириш керак. Яқин истиқболда мазкур ҳудудда юзлаб кўп қаватли уйлар қуриш имкони бор. Шу боис, ҳар бир қурилиш режасини ишлаб чиқишда кейинги ўн беш, йигирма йиллик тараққиёт мезонларини инобатга олиш лозим.

Замонавий массивда янги маҳалла биноси, қўшимча 440 ўринли мактаб, 150 ўринли болалар боғчаси, поликлиника, савдо мажмуаси, коворкинг маркази, спорт комплекси, маданият маркази, истироҳат боғи сингари ижтимоий соҳа объектлари қурилишига ҳам киришилди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортиш, ички йўллар қурилиши бўйича ҳам шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

– Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинига ёндош ҳудудда 14,3 гектар майдонда “Мустақиллик” кичик саноат зонаси, 100 гектар ерда ҳар бири 10 сотихдан лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналар барпо этиляпти, – дейди Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаров. – Бугунги кунгача 85 та иссиқхона битказилиб, ҳудудда қуриб битказилган уйларга кўчиб келган оилаларга ажратиб берилди. Албатта, бу уйларнинг нархи барчани қизиқтириши табиий. Уйнинг 1 квадрат метр нархи 3,5 миллион сўм бўлиб, икки хонали хонадоннинг қиймати 140 миллион сўм, уч хонали уй 168 миллион сўмни ташкил этмоқда. Айтайлик, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови 21 миллион сўм. Уй олувчига 15 фоиз миқдорида субсидия (14 млн. сўм) берилиши натижасида у атиги 7 миллион сўм маблағ эвазига янги уйга кўчиб ўтади.

Ҳозирги кунга қадар “Мурувват” маҳалласида 5 та кўп қаватли уйлар битказилиб, асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга ажратилди.  

Оилада ёлғиз боқувчи бўлган Маъмура Рустамова ва Назокат Алижонова ҳам имтиёзли равишда 3 ва 2 хонали янги уйда истиқомат қилишяпти.

– Битта ҳовлида 3 та оила яшаб келар эдик, – дейди Камола Мирзакаримова. – Мурожаатимиз асосида бизга ҳам 3 хонали уй ажратилди. Турмуш ўртоғим чилангар уста, ўзим чеварман. “Мустақиллик” кичик саноат зонасида ташкил этилаётган янги корхонага ишга жойлашиш ниятидаман.

“Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини обод шаҳарча сифатида кундан кунга янада кўркам қиёфага кирмоқда. Қурилиш-бунёдкорлик ишлари тобора жадаллашиб, бир-биридан кўркам кўп қаватли бинолар қад ростлаяпти.

                                                                                                                                    М.Сулаймонов,  ЎзА