Президентимизнинг жорий йил 11 мартда қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Фарғона вилоятида 97 та кўп қаватли 2 минг 760 хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. 500 та якка тартибдаги уй-жойларни реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, дастурга қўшимча шаҳар ва туманларда хусусий пудрат ташкилотлари томонидан 193 та кўп қаватли 6 минг 369 хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланган.
Ҳар бир одам бу дунёда уй-жойли бўлиб, ўз бошпанасига эга бўлишни хоҳлайди. Шу боис юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бунда эҳтиёжманд ҳамда ёш оилаларга бир қатор имтиёзлар берилган, субсидиялар, ипотека кредитлари ажратилмоқда. Аҳолининг уй-жой билан таъминлашдаги “Бағдод тажрибаси” айни кунларда улкан қурилиш маскани сифатида эътироф этилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бағдод туманида Гулистон шаҳарчасида кўп қаватли уйлар қурилиш жараёни билан танишди. “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қурилиш жараёни билан танишар экан, ҳар бир қурилиш ташкилоти раҳбари билан юзма-юз суҳбатлашди. Қурилиш-монтаж корхоналари, коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, шаҳар-туманлар ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан давра суҳбати ҳам ўтказилди.

–Президентимиз ташаббуси билан “Бағдод тажрибаси” дея аталаётган бу қурилиш ишлари аввало аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, муносиб турмуш шароити яратишни назарда тутади, – деди вилоят раҳбари. – Шу сингари мақсадлар учун яна миллиардлаб маблағ ажратилди. Айниқса, бу йил вилоятимиз учун ажратилган маблағ ҳар йилгидан 5-6 марта кўплиги барчамизнинг зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Бу ерда аҳоли учун барча инфратузилма яратиб берилади.
Мулоқот давомида қурилиш ишларини жадаллаштириш, ободонлаштириш ва коммуникация, йўл ва канализация инфратузилмаси сингари масалалар бўйича топшириқлар берилди, масъулиятни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Туман марказидан 12 километр узоқда жойлашган мазкур ҳудудда 61 та кўп қаватли уйлар қурилиши йигирмага яқин ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектлари томонидан жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳозир кўп қаватли уйларнинг 5 таси тайёр, қолганлари ҳам Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналари арафасида битказилиши кўзда тутилмоқда. 420 ўринли мактаб, мактабгача таълим муассаси ҳамда маданият саройи қад ростламоқда. Электр-энергия, ичимлик суви, табиий газ тармоғини тортиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Уч мингдан ортиқ қурувчилар бунёдкорлик ишларида қатнашмоқда.
–Дастлаб иш бошланган вақтда бу ерларда мана шундай кўркам ва гавжум массив пайдо бўлишига кўпчилик ишонмаган, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Туробжон Қундузов. – Яқин кунларда 1200 дан зиёд хонадонларда уй тўйлари бўлишининг ўзи бу ерда жуда катта ишлар амалга оширилганидан далолат беради. Биринчи навбатда уй-жойга муҳтож аҳоли қатлами учун субсидиялар ажратилмоқда, шунингдек, имтиёзли кредитлар бериш орқали янги уй соҳибларига кўмаклашиляпти. “Ипотека банк” томонидан уй-жой олиш учун 20 йил муддатга кредитлар берилмоқда. Аҳоли бошланғич бадалининг 15 фоизини тўлайди холос. Шунингдек, 500 нафар камтаъминланган оилаларга субсидиялар ажратилмоқда. “Туронбанк” томонидан эса мингта иссиқхоналар барпо этиляпти, улар ҳам янги уй соҳибларига берилади.
Дашт бағрида қад ростлаётган замонавий уй-жойларда яшашнинг гашти бўлакча. Йил бошида фойдаланишга топширилган уйларда истиқомат қилаётганлар билан суҳбатлашсангиз бунга гувоҳ бўласиз.

– Рости, шунақа замонавий уйларда яшашни хаёлимизга ҳам келтирмагандик, – дейди Ферузахон Сатимова. – Ёлғиз она сифатида уй-жой масаласида халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим. Икки хонали шинам уйнинг бошланғич тўловини тўлаб беришди. Ўзим ободонлаштириш корхонасида ишлайман. Қизимни ҳам мактаб-интернатга ишга олишди. Ҳозир ҳар ой банкка тўлов қилиб боряпман. Президентимиз, ҳукуматимиз ва раҳбарларимизни дуо қилиб яшаяпмиз.
–Мен ҳам шу ердан икки хонали уй олганман. Банкдагиларга раҳмат, бошланғич тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш учун имкон беришди, – дейди яна бир хонадон соҳиби Наргизахон Мелибоева. – Ўзим чеварчилик билан шуғулланаман. Газ, электр, сувдан муаммо йўқ. Ойлик тўловларни банк ходимлари ўзлари келиб олиб кетишяпти, туман марказига боришга ҳожат йўқ.
Гулистон шаҳарчаси кун сайин кўркамлашиб, гавжумлашиб бормоқда. Тез орада чала иморатлар битиши, 4-5 қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши эса ҳудуд чиройига чирой қўшади, халқимиз розилигига сабаб бўлади.
М. Сулаймонов, ЎзА