Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бадминтон: Тошкентда Марказий Осиё чемпионлари аниқланмоқда
15:25 / 2025-09-19

Шу кунларда пойтахтимизда бадминтон бўйича Марказий Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.

Бадминтон чемпионати шунчаки мусобақа эмас, бу Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Туркманистон, Эрон ва Мўғулистон ёшларини бирлаштирувчи, улар ўртасида самимий дўстлик алоқаларини мустаҳкамловчи, ёшларни спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзига ундовчи муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

Чемпионатнинг очилиш маросимида иштирок этган Бадминтон Осиё тараққиёт қўмитаси раиси Важид Али Чаудҳарий, спорт вазири Адҳам Икромов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, Ўзбекистон бадминтон федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров U15, U17 ва U23 ёш тоифалари ўртасида ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионати маҳоратли спортчи ёшларни кашф этиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Бадминтон Федерацияси томонидан ташкил этилган ушбу мусобақа минтақадаги энг йирик турнирлардан бири сифатида тарихга кириши шубҳасиз. Негаки, мазкур чемпионатда 7 та давлат: Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон ва Мўғулистоннинг энг кучли бадминтон усталари U-23, U-17 ва U-15 ёш тоифаларида иштирок этмоқда.

Дастлаб U15, U17 ва U23 ёш тоифаларида жамоавий баҳслар ўтказилди. Гуруҳ босқичи ва плей-офф ўйинлари муросасиз кечди.

Ўзбекистон терма жамоаси биринчи кунда барча ёш тоифаларида дастлабки баҳсларда ғалаба қозонди. Хусусан, U15 ёш тоифасида "B" гуруҳидан ўрин олган ҳамюртларимиз Туркманистон терма жамоасини умумий 5-0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, U17 ёш тоифасида Мўғулистон худди шундай ҳисобда мағлуб этилди. Шунингдек, U23 ёш тоифасида ҳам туркманистонлик бадминтончиларга қарши ўйнаган спортчиларимиз 5-0 ҳисобида зафар қучди.

Чемпионатнинг иккинчи кунида гуруҳ ўйинлари доирасида U15 ёш тоифасида "A" гуруҳида Қозоғистон терма жамоаси Қирғиз Республикасини 5-0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Ўзбекистон Тожикистон жамоасини худди шу ҳисобда ортда қолдирди. U17 ёш тоифасида эса "A" гуруҳида Қозоғистон Тожикистонни 3-2, "B" гуруҳида Ўзбекистон Қирғиз Республикасини 5-0 ҳисобида мағлуб этди. U23 ёш тоифасида "B" гуруҳида спортчиларимиз тожикистонлик бадминтончилар устидан 5-0 ҳисобида ғалаба қозонди.

[gallery-25362]

Плей-офф босқичи ҳам муросасиз кечди. Қозоғистон терма жамоаси U15 ёш тоифасида Тожикистонни 3-0, U17 ёш тоифасида Мўғулистонни 3-0, U23 ёш тоифасида эса Тожикистонни 3-0 ҳисобида енгиб, финалга чиқди. Ўзбекистон терма жамоаси U15 ёш тоифасида Мўғулистонни 3-0, U17 ёш тоифасида 3-1, U23 ёш тоифасида эса Қирғиз Республикасини 3-0 ҳисобида ортда қолдирди.

Кеча ўтказилган тантанали очилиш маросими давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида барча ёш тоифаларида финал баҳслари бўлиб ўтди.

Бугун, 19 сентябрдан чемпионатнинг якка тартибдаги баҳсларига старт берилди.

Мусобақалар 22 сентябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, А.Мамадаминов (фото), ЎзА