Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Паркент ижод уйида ташкил этилган Республика таржимонлар форуми қизғин руҳда ўтмоқда.
Бадиий таржима соҳасида қандай натижаларга эришилди? Ечимини кутаётган долзарб масалалар нималардан иборат? Бир гуруҳ форум иштирокчилари бу борада фикрларини билдирди.
– Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга энг аввало таржимонлар масъул, – деди Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори, атоқли олим Олимжон Давлатов. – Минтақа адабиёти билан қиёслаганда Ўзбекистон адабиётида анча илгарилашлар бор, албатта. Президентимиз Алишер Навоий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, 2025 йилда Навоий вилоятида "Алишер Навоий йили"ни юқори савияда ўтказиш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Буюк аллома меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш бўйича қатор амалий чора-тадбирлар белгиланди. Навоий ижодини араб тилига ҳам таржима қилиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Зеро, ўзлигимизни жаҳонга танитишда бадиий адабиёт, бадиий таржиманинг роли катта.

–Бадиий таржима соҳасида Огаҳий номидаги халқаро танловнинг таъсис этилгани жуда яхши ташаббус, – деди таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов. – Лекин таржимон фақатгина мукофот олиш илинжида, фақат шунинг учунгина муайян таржимага қўл уриши унчалик ҳам тўғри эмас. Таржимон муаллифнинг асарлари орқали унинг ижодий лабораторияси билан жуда яқиндан хабардор бўлиши керак. Бадиий таржимага қўл уришда бундай ўта масъулиятли ишни юракдан амалга ошириш керак, деб ўйлайман. Таржимон бир йўналишда ижод қилиши керак. Масалан, фақат бир тилдан бошқа тилга таржима билан шуғулланиши керак. Акс ҳолда бундай масъулиятли ишда бадииятга путур етади.

–Аслида бир халқнинг тилини узоқ муддат бошқа тилга таржима қилмаслик ўша тилни заволга юз тутишига сабаб бўлади, – деди тилшунос олим ва публицист Азизулло Орол. – Биз Навоий ҳаёти ва ижодига оид форс тилидаги бир нечта китобларни Ўзбекистондаги Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди кўмагида чоп эттирдик. Бу нашрлар Афғонистон, Эрон,Тожикистонда буюк ўзбек мутафаккири ва шоирининг ижодини кенгроқ тарғиб этишда катта аҳамият касб этади.

–Баъзан ҳатто Ёзувчилар уюшмасининг ўзида ҳам ҳеч ким унчалик танимайдиган муаллифларнинг, кўпинча "шоир"ларнинг ўз шахсий ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан уларнинг ёзганлари чет тилида китобча тарзида нашр этилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда, – деди "Шарқ юлдузи" журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф. – Хусусий йўналишда амалга оширилган бундай иш ўзбек адабиёти вакиллари ҳақидаги ҳақиқий ҳолат тўғрисидаги тасаввурга путур етказиши мумкин. Бунга эса сира йўл қўйиб бўлмайди. Муайян асар таржимаси жамиятимиз маънавий ҳаётига нима беради? Асарнинг ғоявий, бадиий, мафкуравий савияси ва қимматини ҳисобга олган ҳолда таржимага ёндашиш керак, деб ўйламан. Журналимизда бадиий баркамол асарларни мунтазам равишда махсус рукн остида бериш йўлга қўйилган. Бу борада келгусида ҳам ишлар изчил давом эттирилади.

–Ўзбек шеъриятининг ёрқин вакиллари асарларини туркий йилларга таржима қиламан, – деди ёш ижодкор Раҳмат Бобожон. – 2018 йилда Озарбайжонга борганимда қардош халқ китобхонлари асосан ХХ асрдаги атоқли шоирларимиз ҳақида тасаввурлари бор экан. Замонавий ўзбек шеърияти ҳақидаги китоблар кам эди. Чори Аваз ижодини озарбайжон тилига таржима қилдим. Бундай ижодий семинарлар таржимашунослик соҳасида ўзаро фикр ва тажриба алмашишда катта аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, семинар иштирокчилари таржима асарлари халқимизнинг маънавий камолоти, тафаккури, маънавиятининг юксалишига хизмат қилмоғи кераклиги хусусида якдил фикр билдирдилар. Айни пайтда муайян асарни таржима қилганда шоир ёки ёзувчининг ижод йўли, услуби, ўзига хос ёндашуви, мактаби билан қалбан ва руҳан яқинлик бўлиши кераклиги муҳимлиги эътироф этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири