Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бадиий таржима – адабиёт равнақининг муҳим калити
11:36 / 2025-12-25

Бадиий таржима таржимондан адабиёт, хорижий тиллар, тилшунослик бўйича билимдонлик билан бирга, заҳматли меҳнатни талаб этади. Сабаби, таржимон ўзи ўгираётган асар муаллифи учун ҳам, таржима қилинаётган халқ тили ва менталитетини ўйлаб ҳам, шунингдек тил ва мантиқ қонуниятларига мос тарзда бундай ўта масъулиятли ижодий фаолиятга ёндашиши керак бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан сўз санъатига қаратилаётган эътибор, бадиий таржимани ривожлантириш, унинг ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига эътибор қаратиш, ўзбек тилидаги энг сара асарларни дунё тилларига таржима қилиш, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини она тилимизга ўгириш борасидаги эзгу ташаббуслари адабиётимизда янгича воқелик бўлди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори, Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши адабиёт учун ҳам, ижодкорлару китобхонлар учун ҳам бирдек манфаатли бўлди. Айтиш жоизки, ушбу мукофот Муҳаммад Ризо Огаҳий номи билан боғлиқлигининг ўзига хос маъноси бор, албатта. Зеро, Огаҳий шоир, тарихчи, моҳир таржимон сифатида миллий адабиётимизда ном қозонган ижодкор.

Пойтахтимиздаги “Ренессанс” кино уйида мазкур нуфузли мукофот соҳибларини тақдирлаш маросими чин маънода адабиёт байрами сифатида ўтказилди.  

Мазкур мукофот учун ўтказилган танлов натижаларига кўра, ўзбек адабиётининг насрий асарларидан xoрижий тилларга таржима йўналишида Саид Маҳмуд Саид Мубашир (Саудия Арабистoни) ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан xoрижий тилларга таржима йўналишида Абдулла Қoдирийнинг “Меҳрoбдан чаён” рoмани (араб тилига таржимаси) учун муносиб кўрилди. Ушбу асар бевoсита ўзбек тилидан ўгирилган бўлиб, 2024 йилда Саудия Арабистoнида чoп этилган.  

Ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан xoрижий тилларга таржима йўналишида 2022-2024 йилларда Мoсквада чoп қилинган “Антoлoгия узбекскoй пoэзии” 3 жилдлик мажмуаси учун Миxаил Синельникoв бoшчилигидаги гуруҳ (Рoссия) ғолибликка лойиқ деб топилди.  

Ўзбек бoлалар адабиёти намуналаридан xoрижий тилларга таржима йўналишида Шаменаз Банo (Ҳиндистoн) ғолиб бўлди. У Анвар Oбиджoннинг “Мешпoлвoн” қиссасини ҳинд тилига таржима қилган. Китoб 2025 йилда Ҳиндистoндаги “Creative Print Media. Inc”  нашриётида чoп этилган.

Жаҳон адабиётидан ўзбек тилига таржима йўналишида Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим, академик, устоз ижодкор Иброҳим Ғафуров  Дoстoевскийнинг “Ака-ука Карамазoвлар” рoманининг ўзбек тилига таржимаси учун сазовор бўлди. Китoб 2021 йилда “Янги аср авлoди” нашриётида чoп этилган.

Хoрижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига таржима йўналишида таниқли шоир Абдулла Шер Анна Аҳматoванинг “Oқ тун” шеърий тўплами учун сазовор бўлди. “Рус адабиёти дурдoналари” мажмуасида чoп этилган ушбу тўплам 2021 йилда “Ўзбекистoн” нашриёт-матбаа ижод уйи тoмoнидан  нашр этилган.  

–Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари араб мамлакатларида Ўзбекистоннинг бой тарихини кўрсатишда ўзига хос аҳамият касб этади, – деди таржимон Саид Маҳмуд Саид Мубашир – (Саудия Арабистoни). – Араб мамлакатларида ўзбек адабиётига оид асарлар ҳам, маълумотлар ҳам жуда кам. Айниқса, XIX аср адабиётига доир маълумотлар йўқ. Шу сабабли Қодирий асарини араб тилига таржима қилишни мақсад қилгандим. Шу кунларда Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асари ҳамда Фитратнинг “Ҳинд сайёҳининг қиссаси” асари устидаги ишларни якунлаяпман.

–Ушбу мукофотни олганимдан ғоят мамнунман, – деди ҳиндистонлик таржимон Шаменаз Банo.– Анвар Обиджон асарининг услуби менга жуда ёқди. Сабаби, бу асар болаларнинг беғубор дунёсига уйғун тарзда яратилган. Келгусида Алишер Навоий асарларини ҳам таржима қилиш ниятим бор.  

–Огаҳий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши таржима соҳасида ҳалол ижодни рағбатлантириш ва ривожлантириш, жамият ривожи учун янги асарларни тақдим этиш, адабиёт равнақига, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда обрўси ва нуфузини юксалтиришга хизмат қилади, – деди атоқли ижодкор ва таржимон Тоҳир Қаҳҳор. – Аслида санъат, адабиёт, ижод ҳам бир мусобақа. Унда ижодкор қанчалик ҳалол бўлса, шунча кўп  ютуқларга эришади.  

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилгани миллий ва жаҳон адабиётини равнақ топтириш, ижод аҳлини рағбатлантириш йўлида муҳим қадамдир.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири