Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бадиий таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
12:35 / 2021-12-03

Мамлакатимизда бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, фан, таълим, санъат, маданият ва дизайн соҳаларида ҳам бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда.

Юртимиздаги бадиий таълимга ихтисослашган ягона олий таълим муассасаси – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам бугунги кунда хорижий давлатларнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан 30 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Бугун ушбу олий таълим даргоҳининг юксак мақсадлар акс этган ҳамда бадиий таълим истиқболлари кўзланган халқаро меморандумлари сони яна биттага ортди.

Маълумки, Президентимиз раислигида 2021 йил 16 июнь куни «Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик» мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим тизимини ривожлантириш, хусусан, давлат таълим стандартларини халқаро стандартларга мослаштириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш  ҳамда институтнинг хорижий турдош олий таълим муассасалари билан интеграциясини мустаҳкамлаш мақсадида айни пайтда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бошчилигидаги институт делегацияси Россия Федерациясининг А.Л.Штиглис номидаги Санкт-Петербург давлат Бадиий саноат академиясида бўлиб турибди.

Айтиш ўринлики, ўз йўналишида Россия Федерациясининг энг машҳур олий таълим муассасаларидан бири бўлган ушбу академия 1876 йилда ташкил этилган, айни пайтда 2 та факультет ҳамда 20 та кафедра фаолият олиб бормоқда.

Институт делегацияси ташрифни  ўқув устахоналари,  дарс жараёнлари билан танишиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар билан суҳбат уюштиришдан бошлади.

Академия музейида муассаса тарихи, бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари борасида кўплаб маълумотлар ва экспонатлар жамланган. 
Ушбу музейга ташриф ҳам уларда катта таассурот уйғотди.

Ташриф доирасида академия жамоаси билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, академия мутахассислари ўзбек тасвирий санъати, унинг намояндалари, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бунинг натижасида тасвирий санъат, дизайн соҳаларида содир бўлаётган ўзгаришлардан яхши хабардор эканликларини намоён этди.

Айрим профессор-ўқитувчилар эса юртимизда бўлгани ва илиқ таассуротлар олгани ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берди ҳамда ўрнатилаётган ҳамкорлик улар учун ҳам айни муддао эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг ташрифдан кўзланган асосий мақсад - мазкур академия ректори Анна Кислитсина ҳамда муассаса раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқaларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда якунда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумда илмий тадқиқотлар ва академик фаолиятга оид илмий тажриба ва илмий маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш, талабалар, магистрлар, фан докторларининг ўзаро алмашинувини ташкил этиш, биргаликда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маърузалар, услубий тавсиялар, илмий-амалий шарҳлар, луғатлар ва бошқаларни тайёрлаш, маданий тадбирлар ўтказиш, қўшма таълим дастури фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор муҳим жиҳатлар ўз аксини топди.

Анна Кислитсина ташриф ҳамда самимий мулоқот учун миннатдорчилик билдирар экан, Ўзбекистоннинг бой ва қадимий  маданияти ва санъати жаҳон ҳамжамияти ва соҳа мутахассислари томонидан юксак қадрланишини, ўзи ва академия жамоаси  ўрнатилган ҳамкорликдан жуда мамнун эканлигини ва улкан натижалар кутаётганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ушбу ҳамкорлик ҳар икки олий таълим муассасасининг келгуси ривожи учун муҳим қадам бўлишини таъкидлаб, академия жамоасини юртимизга таклиф этди.

maftuna karimova, [03.12.2021 12:40]
Ушбу таълим муассасасида 15 ноябрдан буён институт профессор-ўқитувчилари – Илҳом Халилов, Абдумажид Сагатов,  Умида Хамроева,  Аслиддин Калонов,  Шаҳло Абдуллаева ва  Фарида Максумова малака оширмоқда.

Учрашув доирасида академия ректори ушбу профессор-ўқитувчиларга мазкур муассасада малака оширганликлари тўғрисида махсус сертификат топширди ҳамда бу ҳамкорлик алоқалари яна узоқ вақт давом этишини таъкидлади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йилда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Италиянинг нуфузли таълим муассасаларидан бири, бугунги кунда дунёнинг ТОП-5 мода мактаблари қаторидан ўрин эгаллаган Полимода дизайн мактаби билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Беларус Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети  билан ҳам меморандум имзоланиб, келгуси ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратилди.

Туркиянинг Кастамону университети билан бўлиб ўтган онлайн мулоқотда ҳам келгуси ҳамкорлик ишлари меморандум билан мустаҳкамланди.

Бу каби ҳамкорлик алоқалари ўз самарасини бериб келмоқда. Хусусан, жорий йилда 40 дан ошиқ хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда семинар ва вебинарлар ўтказилган бўлса, уларда дунёнинг ТОП мингталик рейтингининг юқори поғоналарида турувчи олий таълим муассасаларининг 10 дан зиёд мутахассислари иштирок этди.

Шунингдек, институтда ташкил этилаётган кўплаб халқаро даражадаги илмий-амалий анжуманларнинг нуфузи ҳамда географик қамрови ортиб, бадиий таълим соҳаси олдида турган долзарб муаммолар, жаҳон санъати ва маданиятида содир бўлаётган ўзгаришларни биргаликда муҳокама қилиш имкони пайдо бўлмоқда.

Жаҳонга янгича қараш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини баланд тутган ҳолда  юзланаётган Янги Ўзбекистоннинг санъати ва маданияти ҳам тарихий анъаналар ва замонавий қарашлар уйғунлигида ўзининг янги ривожланиш босқичига чиқиб бормоқда.

Бугун миллий санъатимизда ўз фикри, услуби ва дунёқарашига эга ёш ижодкорлар авлоди шаклланмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўз ижодларини дунё санъат ихлосмандларига тақдим этишларига имкон яратиш соҳа мутасаддилари ва мутахассиcлари олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, институт жамоаси халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, пировардида эса юртимиз санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаларини тарбиялашни мақсад қилган.

Салим Мадартов,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн 
институти матбуот котиби.