Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган Республика таржимонлар форумининг навбатдаги куни ҳам самарали кечди.
Форумда “Турк ва озарбайжон шеъриятидан таржималар”, “Устозлар сабоғи ва ёшларга тавсиялар”, “Хорижий тиллардан таржима муаммолари”, “Қорақалпоқ шеъриятининг бугунги куни”, “Немис насрининг қайси жиҳатлари бугунги ўзбек ўқувчиси учун қизиқарли?”, “Аруз вазни қандай таржима қилинади?” каби мазуларда давра суҳбати, семинар ва маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, мулоқотлар ўтказилди.
Маҳорат сабоқларида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Тоҳир Қаҳҳор, Шермурод Субҳон, Николай Ильин, Бегойим Холбекова, Рисолат Ҳайдарова ўз билим ва тажрибаларини ёшларга етказди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Хайрулла Ҳамидов, Давронбек Мамарасулов, Лола Юнус қизи, Муродхон Эргашев, Алишер Сабрийнинг маърузалари тингланди.

Форумда таъкидланганидек, 2024 йил бадиий таржима соҳасидаги катта янгиликлар билан бошланди. Улуғ турк шоири, Туркия Республикаси давлат мадҳияси муаллифи Меҳмет Окиф Эрсўйнинг “Сафаҳот” китоби тақдимоти ўтказилди. Асарни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон Миразиз Аъзам турк тилидан ўзбек тилига ўгирган. Миср Араб Республикасида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг араб тилига қилинган таржимаси чоп этилди. Асар Мисрнинг Ал Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали таржимасида “Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси” номи билан араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба тақдим этилди.
Ўзбек шеъриятининг толмас таржимони, тожикистонлик ўзбек шоири Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги Ўзбекистон ва Тожикистонда кенг нишонланди.
2024 йилда анъанавий “Дўрмон баҳори” адабий форуми ташкил этилганига 3 йил тўлди. Ушбу форум Ўзбекистондаги русийзабон ижодкорларни бирлаштириши билан бирга, ўзбек адабиётини рус тилига таржима қилиш масалаларини муҳокама этиш бўйича платформа вазифасини ўтамоқда.
Айни дамда жаҳон адабиётининг 100 та сара асарини ўзбек ўқувчиларига етказиш борасида иш олиб борилмоқда. Шу пайтга қадар 27 та асар ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этиш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига жўнатилди.

“Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрлаш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар 50 та асар Бадиий таржима, Болалар адабиёти, Наср ҳамда Рус адабиёти кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, тегишли хулосалар берилди. Бу мажмуага жаҳоннинг беш қитъаси – Осиё, Европа, Африка, Австралия ва Америка болалар ёзувчиларининг асарлари киритилади. Бу катта адабий лойиҳа 2026 йилда ўз якунига етади.
– Томас Элиот, Харуки Мураками, Габриэль Гарсиа Маркес каби ижодкорлар, шунингдек, рус адибларининг асарлари таржимаси билан шуғулланаман, – деди шоир ва таржимон Шерзод Комил Халил. – Халқларнинг маданий алоқалари яқинлашувида бадиий таржиманинг аҳамияти жуда катта. Бирон асарни она тилимизга ўгирганда, шу асар халқларнинг маданияти, тарихи билан таништириши баробарида руҳиятимизга ҳам ранг беради. Президентимизнинг “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори таржимонлар учун катта рағбат бўлди.
Дарҳақиқат, ушбу қарор билан янги-янги бадиий баркамол асарларнинг таржимаси учун кенг имкониятлар эшиги очилгани аниқ.
Паркент ижод уйида бўлиб ўтган Республика таржимонлар форуми амалга ошириладиган ишларни режалаштириб олиш, галдаги вазифаларни муҳокама этиб, уларга ечим топишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА