Ўзбекистон Бадиий академияси буюртмаси асосида 2023 йил 8 май куни “Алишер Навоийнинг бронза ҳайкалини яратиш ва Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўрнатиш хизмати” юзасидан 1 миллиард 416 миллион сўмлик давлат хариди ўтказилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўрганишларига кўра, давлат харидини амалга ошириш жараёнида буюртмачи томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талабларига амал қилинмаган. Бошқа қонунбузилиш ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, харидда иштирок этган уч нафар талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссиясининг раиси ва тўрт нафар аъзоси фойдаланган компьютер (IP манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат бўйича давлат хариди ўтказилган куннинг ўзида харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди.
Қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментга юборилди.
Агентлик тақдимномасига биноан Бадиий академия томонидан амалга оширилган харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА