"Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев билан суҳбат.
— "Жаҳон адабиёти" журналига кўп йиллар давомида ўзбек адабиётининг чинакам жонкуяри, атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов раҳбарлик қилиб келган. Йиллар мобайнида ушбу нуфузли журналда жаҳон адабиётининг кўплаб ноёб асарлари, ўткир публицистик мақолалар чоп этилди. Журналга бош муҳаррир сифатида келганингиздан бери таҳририят фаолиятида қандай ўзгаришлар юз берди?
— Журналнинг асосий мақсади ва йўналиши сақлаб қолинди. Шу билан бирга, янги йўналишлар билан бойиди. Устоздан кейин таҳририятга бош бўлган Мирпўлат Мирзаев, Шуҳрат Ризаевлар бунга эришган. Бугун анча янгиланган жамоа билан биз ҳам шу йўлдан оғишмай бораяпмиз. Бугунги адабий жараён ишимизга, табиийки, ўз таъсирини ўтказади. Буни ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Яъни, кўптилли жаҳон адабиётида ўзбек тилига ўгириш зарур бўлган янги-янги асарларни топиш, моҳир таржимонлар билан ҳамкорлик қилиш зарур.
— Замонавий жаҳон адабиёти ва унинг бугунги йўналишлари, келажаги ҳақида нималар дея оласиз?
— Илмий тафаккур ривожи бугунгидай шитоб билан ривожланар экан, орадан маълум вақт ўтиб, китоб дўконларида роботлар қаламига мансуб романлар, саргузашт қиссалар, шеърий тўпламлар пайдо бўлиши, концерт залларида уларнинг қўшиқ-куйлари ижро этилиши, кўргазма залларида санъат асарлари намойишга қўйилиши мумкин.
Шундай бўлиши эҳтимоли, афсуски, тобора кучайиб бораётган экан, ўз-ўзидан Шукур Холмирзаевнинг машҳур “Адабиёт ўладими?” деган саволи ёдга тушади. Бугун бу саволни “Бадиий адабиёт нима бўлади, у ҳам ўзгариб, янги шароитга мослашадими ёки ўзининг тарихий, фалсафий, тарбиявий мавқеини, таъсир кучини сақлаб қоладими? Ўқувчининг юксак даражада шаклланган адабий-бадиий диди нима бўлади?” тарзида кун тартибига олиб чиқиш зарур деб ўйлаймиз. Негаки, адабиёт деб аталмиш ёзма маънавий неъмат пайдо бўлганидан бери инсон қалбининг комиллиги, руҳий қудрати учун хизмат қилиб келган. Инсоният бошига оғир фалокатлар ёғилганда, омонлик йўллари торайганда, турфа ихтилофлар жонини гаровга олганида адабиёт халоскор кучга, нажот туйнугига айланган.
Бугун жаҳон адабиётида, баъзи кузатувчилар тўғри сезишаётганидек, бадиий адабиёт, хусусан, анъанавий романчилик ўқувчига, унинг енгил-елпи эҳтиёжларига мослашиб, ишқий саргузашт либосини кияётгани сир эмас. Бир тоифа кузатувчиларнинг фикрича, бу жараён тўғри бўлса, унда “Дон Кихот”, “Уруш ва тинчлик”, “Ўткан кунлар”, “Ёлғизликнинг юз йили”, “Асрни қаритган кун”, “Улуғбек хазинаси”, “Донишманд Сизиф” каби асарларга руҳан, моҳиятан яқин янги романлар бундан буён пайдо бўлмайдими? Бугун тоғлар каби инсон маънавиятида ҳам қулаш, парчаланиш юз бермаяптими? Қонли босқинлар янги асрни ўсмирлигидаёқ қаритиб қўймадими? Яна бир марта “Алвидо, қурол!” дейиш бугуннинг энг зарур, кечиктириб бўлмайдиган вазифаси, омонликда қолиш шарти эканини наҳотки сезмаётган бўлсак?
Айни шу саволларни адабиётшунос олимлар, таниқли ёзувчиларга берганимда, улар қуйидаги фикрларни билдиришган.
Қозоқбой Йўлдош: "Бутун инсониятнинг ҳам, ҳар бир одамнинг ҳам ҳозирги кунида ҳаловати йўқ. Бесаранжомлик универсал башарий белги бўлиб қолди. Эҳтимол, ижодкор ҳам ана шу безовта башариятнинг бир бесаранжом вакили сифатида залворли умуминсоний масалаларни тадқиқ этгандан кўра, лаҳзада ўзгариб турадиган одамнинг руҳий дунёсини бадиий тадқиқ қилишни маъқул билар.
Инсоният ўз тараққиётининг фақат тафаккур ва маънавий етукликкина уни чинакам қудратли қила оладиган босқичига етиб келди. Тафаккур тоза руҳиятга эш бўлгандагина эзгулик касб этади. Акс ҳолда у ёвузликка хизмат қилишга мойилки, дунёдаги бугунги аҳвол буни яққол кўрсатиб турибди. Тоза руҳият ўзгаларни англаш, туйиш орқали юзага келади. Ўзгаларни туймоқ ва англамоқ хусусияти одамда бадиий адабиёт воситасидагина шакллантирилиши мумкин. Адабиётнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мана шу ҳолат белгилайди. Кўркам адабиёт кишидан маънавий юксалишга ички эҳтиёж бўлишини талаб қилади. Ички эҳтиёж эса одамда ўз шахсига ҳурмат ва эътибор пайдо бўлганда юзага келади. Ҳозирча бизнинг жамиятда моддий эҳтиёжларни қондиришга интилиш устувор, кун келиб, маънавий-руҳий эҳтиёжлар олд планга чиқиб қолар. Бугунги миллий адабиётнинг вазифаси ўзбекнинг кўнгил ҳолати ва руҳиятидаги универсал ва бетакрор қирраларнинг таъсирли ифодасини тасвирлашдан иборат бўлиши керак. Шунингдек, бу адабиёт ўзбекнинг ўзига хос этнос эканини кўрсатадиган, унинг шаъни, қадри ҳамда ўрни юксак бўлишига йўналтирилиши лозим".
Неъмат Арслон: "Адабиётимиз келажаги ҳақида баҳс юритишдан олдин адабиётшуносларимиз тушуниши қийинроқ бир манзарага эътибор қаратайлик. Тасаввур қилинг: руснинг қоронғи туни, адабиётда ҳали ном қозонмаган Достоевскийнинг уйи, бир даста қоғозни кўтариб йиғлаганча бораётган Некрасов... Ўз даврининг номдор шоири, ношири нега кўзёши тўкмоқда? Қандай дард бор унинг юрагида? Гап шундаки, у ношир сифатида Достоевскийнинг илк асари қўлёзмасини Белинскийга олиб боради. Ўз даврининг машҳур танқидчиси қўлёзмани дарҳол ўқиб чиқади-да, рус адабиётида янги даҳо пайдо бўлганини башорат қилади. Шундай қилиб, янги даҳони табриклаш учун ҳали адабиётда ном қозонмаган ёш ёзувчи олдига кўзёшини тўкканча кириб боради Некрасов. Бу манзарани бизнинг адабиётимиздаги ҳолат билан солиштирманг, акс ҳолда, бир амаллаб ном қозонган шоир ёки ёзувчи асарларини мақтаб кўкка кўтараётган, аммо ёш иқтидор асарини афти бужмайиб нари сураётган “андивакаш” танқидчи намоён бўлиб, таъбингизни хира қилади. Нега адабиёт тақдири учун Некрасовдай қайғуриб йиғламайди бизнинг ёзувчиларимиз, ноширларимиз, танқидчиларимиз?! Назаримда, бундай муносабатнинг зарари сунъий интеллект ёғдириши мумкин бўлган фалокатдан қолишмайди. Жадид маърифатпарвари Абдулла Авлонийнинг шундай гапи бор: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Эндиликда бу хулосани “Сунъий интеллект биз учун ё ҳаёт, ё мамот...” шаклида ўзгартиришимизга тўғри келадигандай".
Адабиётимизнинг бугунги аҳволига назар ташлаб, келажаги тўғрисида қайғурар эканмиз, уни сунъий интеллект қўлига топшириб қўйишдан хавотиримиз бор.
— Бугунги китобхонларга жаҳон адабиётидан қайси асарларни ўқиш учун тавсия қилган бўлардингиз?
— Енгил-елпи, ўткир сюжетли, отишмали, қувла-қочди асарларни ўқишга ўрганган китобхонга фалон асарни ўқи, дейиш қийин. Ҳар ким мутолаа учун ўз дунёқараши, қизиқишидан келиб чиқиб китоб танлайди. Америкалик журналист Сара Жионинг деярли бир қолипдаги саргузашт романлари дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатларида неча минг-минг нусхада чоп этилган ва бу жараён фаол давом этмоқда. Айни чоғда, Теодор Драйзер, Эрнест Хемингуэй, Жэк Лондон, Оноре де Балзак, Эмил Золя асарларининг ўқувчилари камайиб бораётир. Бу жараёнга бефарқ қараб бўлмайди. Бунинг учун ўта кучли адабий тарғибот зарур. Биз журналнинг ҳар янги сонини тайёрлашда айни шу вазифадан келиб чиқамиз. Тавсия маъносида ҳинд донишманди Ошонинг журналимизда эълон қилинган асарларини, Маҳатма Ганди, Айседора Дункан, Чарли Чаплин хотираларини, Стефан Цвейгнинг “Мария Стюарт”, Бадрия ал-Бишрнинг “Ал ашъо кўчасидаги муҳаббат” романларини айтишим мумкин.
— Адабий мукофотларга қандай қарайсиз?
— Ижобий маънода қарайман. Ижодкорнинг узоқ йиллик заҳматли меҳнати, албатта, эътироф этилиши зарур. Улар учун баъзан оддий қутлов ҳам мукофотдай бўлади. Мукофотга номзод асарларни саралашда адабиётшунослар холис бўлишлари зарур. Негаки, у ёки бу асар зарур даражада тарғиб қилинмагани учун баҳоланмай қолиб кетади, бунга мисоллар кўп. Баъзи асарларэса ҳаддан ташқари мақталгани учун шов-шувга сабаб бўлади.
— Нобель мукофотига муносабатингиз қандай? Нега шу чоққача бу мукофот Марказий Осиё ёзувчиларига берилмаган?
— Бундан беш-олти йил аввал газетада “Нобель мукофотига тобингиз қалай?” сарлавҳали мақолам эълон қилинган. Ундаги фикрим ҳозиргача ўзгарган эмас. Бу мукофот том маънода адабий сийлов эмас, Чингиз Айтматов айтганидек, “сиёсий акт”.
Дунё шундайки, ҳар қандай мукаммал қарор ҳам, зарур бўлиб қолса, шубҳа остига олиниши мумкин. Зарурат эса кутилмаганда пайдо бўлиб қолади. Мен айни шу ҳолатга эмас, ушбу мукофотга муносиб кўрилганларнинг айрим фикрларига қизиқдим. Европада анча шов-шувга сабаб бўлган “Ёвузлик” романи муаллифи, Нобель мукофоти соҳибаси Герта Мюллер хонимнинг социалистик тузумга берган баҳоси жуда аниқ ва ишонарли чиққан: “Социализмнинг бош ғояси шундайки, бу тузумни қўлингдан келганича алдашинг мумкин, аммо, минг уринганинг билан, сен уни у сени алдаганичалик алдай олмайсан”.
Шимолий Ирландиянинг Дерри графлигида туғилган Шеймс Хиннига: “Сизга Нобель мукофотининг берилиши адолатли қарорми?”, деб сўраганларида у қуйидагича жавоб қайтарган экан: “Асарлари ва ижодий фаолияти муносиб бўлган барчани тақдирлашга мукофотлар етишмайди. Жуда ҳам оддий бир иш – борди-ю ҳар бир мамлакатда Нобель мукофотига муносиб даражада ижод қилган, аммо тақдирланмаган ижодкорлар рўйхати тузиб чиқилса, масала равшанлашган бўларди. Мана, мисол учун, Жойс олмади, Набоков тақдирланмади. Менга бу мукофотни беришганида, дастлаб яқин дўстларимга – шоир Теди Хьюз ва драматург Браян Фрилга қўнғироқ қилдим, улардан узр сўрадим, мени кечиринглар, мукофотни менга адашиб беришибди, лойиқ номзодга беришмабди, дедим”.
Лев Толстой Нобель мукофотига сазовор бўлишни истамаган. Сюлли Прюдом гарчи ўзи ночор аҳволда бўлса-да, мукофот пулини ёш шоирларни қўллаб-қувватлашга сарфлаган. Альфред Нобель ўзи жорий қилган мукофотни миллати ва келиб чиқишидан қатъи назар, энг муносибларга берилишини васият қилган экан. Фикримча, бу васиятга ҳамиша ҳам амал қилинмайди. Иосиф Бродский мукофотни олар экан, “Мен бу ерда мендан аввал мукофот олганлардан эмас, балки муносиб бўла туриб, ололмаганлардан хижолатдаман” деган ва Осип Мандельштам, Марина Цветаева, Анна Ахматоваларнинг номларини келтирган. Россиялик танқидчи Вадим Кожиновнинг фикрича, “Ушбу мукофотнинг халқаро мақомга эга эканини кўз-кўзлаш учун баъзан мутлақо номуносиб кишиларга ҳам берилаётгани кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас”.
Хулоса шуки, гап мукофотнинг нечоғли номдор бўлишида эмас, бадиий асарнинг умри жуда узоқ бўлишида.
— Бадиий асарларни хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилишда қандай муаммолар бор?
— Ниҳоят мен кутган саволни бердингиз. Бу борада ютуқларимиз оз эмас. Инглиз, француз, араб, хитой, корейс, турк тилларидан бевосита таржима қилаётган муаллифларимиз сафи ортиб бормоқда. Албатта, ҳеч ким бирданига маҳоратли таржимон бўлиб қолмайди, бунинг учун йиллаб меҳнат қилиш керак. Муҳаррирлик тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, баъзилар у ёки бу тилни мукаммал биладилар, аммо асар муаллифининг фикрини ўзбек тилида бадиий ифодалашда қийналиб қоладилар, натижада таржима техник ўгирма ёки нусха бўлиб қолади. Оригинал бадиий асарларнинг муаллифлари таржима билан шуғулланишса, иш бир мунча осон кўчади. Бу борадаги энг катта муаммо – кўп ёшлар (баъзан катталар ҳам) таржимани Google ёрдамида амалга ошириб, шундайлигича, бирор жойини таҳрир қилмай, хатоларини тузатмай ҳам таҳририятга олиб келишмоқда. Муаллифлик маданияти деган гап бор. Ўзини ҳурмат қилган ижодкор бундай қилмайди.
— Ижодий ишда сизни нима илҳомлантиради?
— Турли касб, тақдир эгалари, омадли, омадсиз, завқи баланд ёки тушкун кишилар билан мулоқот қилиш, уларни диққат билан тинглаш, фикрларни эшитишдан кўп нарса оламан. Хизмат сафарларида менга мутлақо таниш бўлмаган оддий одамлар билан диллашишни ёқтираман. Кўп мақолаларим шундай мулоқотлар сабаб қоғозга тушган.
— Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Суҳбатни Лира Шафиқ ёзиб олди.