English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БААга ташриф ғоят самарали бўлмоқда
18:41 / 2025-05-22

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида дастлаб “2 Point Zero” компанияси ижрочи директори Марям Ал-Мхеири билан учрашув ўтказилди. Унда Президентимиз ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган, тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва яқин шериклик алоқалари ҳақида батафсил сўз юритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг инвестициявий салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболли халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Компаниянинг молиявий хизматлар, сунъий интеллект технологиялари, муҳим ресурслар, рақамли трансформация ва бошқа йўналишлардаги тажрибалари таъкидланиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Жумладан, Қорақалпоғистондаги мавжуд конларда ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки мамлакат университетлари ва илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, Оролбўйининг туризм соҳасида ҳали очилмаган имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг “Burjeel holdings” ва “Life Pharma” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди. Етакчи интеграциялашган нодавлат тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялардан бири бўлган “Burjeel holdings” вакиллари билан музокараларда тиббий ёрдам соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, диагностика, профилактика, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, маҳаллий шифокорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги аёллар орасида кўкрак бези саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш мақсадида мобил маммография ускуналари етказиб бериш ва юқори тажрибага эга мутахассислар билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, Нукус шаҳрида оналар ва болалар учун Бирлашган Араб Амирлигининг Шайх Халифа номидаги шифохонаси қурилиш ишлари “Orient Construction Services Group” масъулияти чекланган жамият томонидан август ойи якунига қадар якунлаши режалаштирилган. 

"Life Pharma" компанияси вакиллари билан фармацевтика соҳасини ривожлантириш, Қорақалпоғистонда ўсадиган, халқаро даражада юқори экспортга эга доривор ўсимликлардан бири бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди. 

Учрашувларда қатор манфаатли шартномалар имзоланди ва истиқболли лойиҳалар кенг муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири