БАА «Dubai Expo 2020» Ўзбекистон миллий павильонида бўлиб ўтаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги кўргазмаси доирасида қатор хорижий компаниялар, бизнес вакиллари, ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, кўргазмаларнинг натижаларига кўра турли ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланмоқда. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган топинамбурдан экспортбоп шифобахш биологик фаол қўшимча ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳаси муаллифи ва айни пайтда «Яшнобод» технопарки резиденти бўлган «PARADISE FLORA» МЧЖ раҳбари Зилола Мўминжонова ҳам кўргазмада иштирок этиб, потенциал инвесторларга ўз лойиҳаси тақдимотини ўтказди.
Бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Бирлашган Араб Амирликларининг «GULF SMART GENERAL TRADING» компанияси ҳамда «PARADISE FLORA» МЧЖ ўртасида меморандум имзоланди.
– Дубайга ташрифим самарали ўтмоқда, – дейди З. Мўминжонова. – Бу ерда БААнинг бозорини ўрганиб, айнан қайси турдаги маҳсулотимиз харидоргир эканига аниқлик киритиш имконига эга бўлдик. Ҳамкорларимизнинг истаклари ва бозор талабига кўра, топинамбур ва бошқа маҳаллий доривор ўсимликлардан турли шакллардаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Ҳозирда биз топианмбур кукуни солинган нон, ширинликлар яратиш устида изланишлар олиб боряпмиз. Сифатли, мазали ва фойдали маҳсулотларимиз кўламини янада ошириш мақсадида лабораториямизда тадқиқотлар кенг кўламда олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача мазкур стартап лойиҳа доирасида 13 дан ортиқ биологик фаол қўшимчалар таркиби, формуласи ва уларни ишлаб чиқариш технологияси шакллантирилган бўлиб, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ва сотиш орқали 350 миллион сўм даромадга эришилди.
ЎзА