Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БААда зафар қучган таэквондочиларимиз тантанали кутиб олинди
09:39 / 2022-02-09

Хабар берганимиздек, Бирлашган Aраб Aмирликларида таэквондо бўйича анъанавий “Fujayra Open” халқаро мусобақаси мамлакатимиз вакиллари учун омадли кечди.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 11 нафар спортчи билан 8 та вазн тоифасида иштирок этди.

Эътиборлиси, 7 нафар таэквондочимиз халқаро турнир совриндори бўлди. Уларнинг муваффақияти шарафига Бирлашган Араб Амирлиги спорт мажмуасида тўрт марта мадҳиямиз янграб, етти марта Ватанимиз байроғи юксалди.

Спортчиларимизнинг зафарли одимлари натижасида ўз вазнида халқаро рейтингнинг муҳим очколарига эга чиқишди.

Ўзбекистон таэквондо мутахассисларининг фикрича, айнан Фужайрадаги "Шайх Зайид Спорт сити" мажмуасида ўтган мусобақада қўлга киритилган муҳим рейтинг очколари ҳамюртларимизга Париж олимпиадаси йўлида асқотади.

Қувонарлиси, халқаро турнир якунида дунёнинг 600 нафардан зиёд таэквондочилари орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тўртта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритган ҳолда БAA, Жанубий Корея, Қозоғистон, Франция, Испания, Германия, Бельгия, Венгрия, Хорватия, Сербия, Грузия, Марокаш, Иордания, Ҳиндистон каби давлатларнинг жамоаларидан устун келди ва ҳақли равишда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Бугун 9 февраль куни тунда Араб диёрида зафар қучган таэквондочиларимиз пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА