Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БАА ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама алоқалар
09:23 / 2022-08-07

1991 йил СССР парчаланиб, жумладан, Марказий Осиё республикалари ҳам мустақилликка эришгач, кўплаб давлатлар ушбу ресурсларга бой минтақага геосиёсий таъсир ўтказиш учун рақобатга кириша бошлади.

Россия, Хитой, Туркия, Эрон, АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар билан бир қаторда Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг олти давлати, хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам минтақага таъсирини кучайтириш учун фаол ҳаракат бошлади.

БАА миллий манфаати учун Марказий Осиё Яқин Шарқ ёки Шимолий Африка каби муҳим бўлмаслиги мумкин, бироқ ташқи сиёсат нуқтаи назаридан, геосиёсий жиҳатдан аҳамиятли бўлиб бормоқда.

Амирликлар раҳбарияти сармоя ва савдо орқали БААни Марказий Осиё республикалари, биринчи навбатда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим иштирокчига айлантирмоқчи.

БАА ва Марказий Осиё

БАА Қозоғистон билан Нурсултон Назарбоев раҳбарлиги давридаёқ алоқа ўрнатган. 2005-2020 йиллар оралиғида БАА Қозоғистонга жами 2.4 миллиард доллар сармоя киритган. 2020 йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдор 474.4 миллион долларни ташкил этди.

Бу ҳолат икки халқни янада яқинлаштириб, маданий муносабатни яхшилашга ҳам ҳисса қўшди. Айтганча, Қозоғистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Алишер Абдиқодиров БАА мамлакатнинг Яқин Шарқдаги энг муҳим ҳамкори эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасида яна 30 та янги лойиҳа амалга оширилишини маълум қилди. Кўриниб турибдики, Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам икки томонлама муносабатни чуқурлаштириш тарафдори.

Табиийки, БАА-Қозоғистон йўналишидаги муносабатни ҳаракатлантирувчи куч иқтисодиёт. Шу маънода Қозоғистон учун БАА сармояси, БАА учун эса Каспийдаги энергетика макони позицияси муҳим. Гап шундаки, Амирликларнинг “Мубадала” компанияси табиий газ қидириш билан шуғулланувчи “КазМунайГаз”нинг 24 фоиз улушини сотиб олиб, минтақадаги лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

БАА Қирғизистонга ҳам анча-мунча сармоя киритмоқда. Масалан, Бишкек ва Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ўртасида Бишкек-Торугарт автомобил йўлини қайта тиклаш лойиҳаси бўйича кредит битими имзоланган.

Шу тариқа БАА Қирғизистондаги транспорт лойиҳаларига молиявий ёрдам бера бошлади. Бундан бир неча йил муқаддам икки мамлакат ўртасида ўзаро инвестицияни рағбатлантириш бўйича имзоланган англашув меморандуми асосида БАА Қирғизистонга сармоя миқдорини сезиларли даражада оширди. Мазкур ҳужжат тоғ-кон саноати ва савдо-сотиқ соҳасидаги ҳамкорлик учун ҳам кенг йўл очди.

Кўриниб турибди, Абу-Даби - Бишкек муносабати иқтисодий ҳамкорлик асосига қурилган. Қолаверса, кейинги йилларда, айниқса, Садир Жапаров президент бўлгандан кейин муносабат янада жонланган.

БААнинг Қирғизистонда фаолият юритаётган асосий компанияси “DP World” ҳисобланади.

Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатимиз билан алоқаси Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайлангандан сўнг жадаллашди.

БАА 2019 йил мартдан 2021 йил августгача давлатимиздаги турли лойиҳаларга жами 4.5 миллиард доллар инвестиция киритди. Лойиҳаларнинг энг йириги 2021 йил июль ойида очилган, Абу-Дабидаги “Масдар” компанияси томонидан қурилган биринчи 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясидир.

Айни пайтда диёримизда БАА капитали иштирокидаги 107 корхона фаолият кўрсатмоқда. Энг муҳими, томонлар ўзаро товар айирбошлаш миқдорини 10 миллиард долларга етказишга келишиб олган.

Бугунги кунда БAA ва Тожикистон муносабатида ҳам ижобий муҳит ҳукм сурмоқда. 2007 йил март ойида БAA кўрфаздаги биринчи давлат сифатида Тожикистон консуллигини очган. Бу Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Aбу-Дабига жиддий аҳамият бераётганидан далолат.

Тожикистонда сармоя учун ташкил этилган ярмаркаларда Амирликларнинг 22 компанияси иштирок этади. Демак, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби БAAнинг Тожикистон билан муносабатида ҳам иқтисодиёт етакчи ҳисобланади.

Ва ниҳоят, БAAнинг Туркманистон билан муносабатига назар ташлаймиз. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари энергетика, савдо ва шаҳарсозлик эканини кўриш мумкин. Шунингдек, БAAнинг “Petrofac”, “Gulf Oil” ва “Gas Fze” компаниялари Каспий денгизидаги лойиҳаларга қизиқиш билдириб, Туркманистонда тадқиқот олиб бормоқда.

Aбу-Даби ва Aшхобод муносабатининг ҳаракатлантирувчи кучи БAA-Туркманистон ишбилармонлар кенгашидир. Кенгаш Туркманистонга сармоя киритиш учун йўналишларни аниқлаш ва БAA инвесторларини йўналтириш бўйича самарали вазифани бажаради.

Бу икки давлат ўртасида 49 та икки томонлама шартнома мавжуд. Туркманистон электроника, юқори технологиялар, юк машиналари, енгил автомобилларга бўлган эҳтиёжнинг салмоқли қисмини БAA ҳисобидан қондиради. Aйни пайт БAA Туркманистоннинг бешинчи йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.

Айни маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, БAA Марказий Осиёда конструктив рол ўйнамоқда ва ўз сармояси орқали минтақа равнақига, янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшмоқда. Шубҳасиз, минтақадаги фаолият нафақат Марказий Осиё давлатларига, балки БAAнинг ўзига ҳам фойда келтирмоқда.

Aбу-Даби раҳбарияти ҳам сармоявий, ҳам энергетика лойиҳалари орқали минтақадан катта даромад олмоқда. Бироқ, бу муносабатнинг бир томон иккинчисини эксплуатация қиладиган шакли эмаслиги аниқ. Бошқача айтганда, БAA ва минтақа давлатлари боғлиқлиги доирасида барча томонлар манфаатига жавоб берадиган ёндашув устувор.

Шунинг учун минтақа пойтахтлари Aбу-Даби фаолиятидан хавотирда эмас. Шу боис ҳам БAA ва Марказий Осиё давлатлари муносабатида ижобий муҳит сақланиб қолмоқда.

Анқара – Теҳрон - Абу-Даби манфаатлари тўқнашуви

Ҳозир БААдан ташқари, Туркия ва Эрон ҳам иқтисодиёт, энергетика соҳаларида рақобатлашиб, сиёсий таъсирга эга бўлиш ҳамда Марказий Осиё минтақасида мавқеиини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Қолаверса, Анқара ва Теҳрон Марказий Осиёда кучли позиция ўрнатишда фақат чекланган муваффақиятга эришди. Туркия Марказий Осиёдаги туркий давлатлар билан маданий, тил ва этник алоқадан тўлиқ фойдалана олмади. Турк бизнеси Марказий Осиё бозорига биринчилардан бўлиб кириб келиб, имтиёзлардан самарали фойдаланса-да, Туркиянинг Марказий Осиёдаги нисбатан кучли иқтисодий иштироки 1990 йилларда баъзи экспертлар башорат қилган сиёсий капиталнинг ўсишига олиб келмади.

Айни пайт Эрон қўшни Туркманистон ва Тожикистон билан анча яқин алоқага эга, бироқ Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатда бошқа муаммога, жумладан, АҚШ санкциясига дуч келмоқда.

Бундай шароитда БАА каби кўрфаз давлати Марказий Осиёга иқтисодий ва сиёсий интеграцияга келганда Туркия ҳамда Эроннинг чекланган рақобатига дуч келади. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Эрон рақобати давом этаётганини ҳисобга олсак, Амирликлар Марказий Осиёдаги ўз афзаллигидан фойдаланиб, геосиёсий муносабатни мустаҳкамлаш учун иқтисодиётдан, қудратли молиявий ресурслардан фойдаланиши эҳтимоли катта.

Минтақада ҳукм сураётган “юмшоқ куч” сиёсати

Россия ва Хитой билан бир қаторда БАА ҳам “гуманитар дипломатия” билан шуғулланмоқда. Абу-Даби Қозоғистонга 13 тонна, Қирғизистонга 7 тонна ва Ўзбекистонга5 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатган. Бу БААнинг Марказий Осиёдаги “юмшоқ кучи”ни мустаҳкамламоқда.

БАА учун пандемия ўз инсонпарварлик хусусиятини халқаро майдонда исботлаш имконини берди. Бу даврда Марказий Осиё давлатларига кўрсатилаётган ёрдам Абу-Дабининг минтақадаги обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айни пайт Туркия ҳукумати ҳам минтақамизда ўзининг “тож дипломатияси”ни амалга ошириб, амирликларга ўхшаш мақсадларни кўзламоқда.

Шундай қилиб, Абу Даби ва Анқара гуманитар дипломатиясини, қисман, бу икки қудратли давлатнинг бутун ислом оламига геосиёсий таъсир ўтказиш йўлидаги кучайиб бораётган рақобати сифатида тушуниш мумкин.

Иқтисодий манфаат ва гуманитар кампания, шубҳасиз, БААнинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатида муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, бундай манфаат амирликларнинг ҳам Марказий Осиё, ҳам Яқин Шарқ ҳудудидаги геосиёсий мақсадларидан кейин иккинчи ўринда туради.

Хуллас, Марказий Осиё кўп қутбли дунёда тобора кўп қиррали рақобат билан белгиланадиган мураккаб минтақа бўлиб қолаётгани сабабли, БАА каби бой давлат ўз таъсирини кучайтириш учун минтақада “юмшоқ куч” сиёсатидан унумли фойдаланиши зарур.

Қолаверса, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон биринчи навбатда Москва ва Пекин орбитасида қолаётган бир пайтда БАА билан яқин алоқа ўрнатиш глобал ҳамкорликни янада диверсификация қилишга хизмат қилади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА